Президент фармони билан Аброр Мирзо Олимов Марказий банк раиси ўринбосари этиб тайинланди. У бунга қадар МБда департамент директори лавозимида фаолият юритган. Аввалги ўринбосар Шайхонтоҳур тумани ҳокими бўлганди.
Алишер Амиров Сурхондарё вилояти ҳокимнинг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари бўлди. Бунга қадар у Автомобиль йўллари қўмитасида бошқарма бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича президент маслаҳатчиси ўринбосари Алишер Усманов бошқа ишга ўтиши муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. У Наманган вилоят суди раиси бўлди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари бўлиб ишлаб келган Отабек Чориев Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланди.
Президентнинг тегишли қарори билан Бахтиёр Ибрагимов, Нусратилла Зикриллаев ва Ботиржон Шахриёров туризм ва маданий мерос вазирига ўринбосар этиб тайинланди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Муниципал активларни бошқариш маркази бош директори ўринбосари Абдулазиз Исроилов шаҳар ҳокими ўринбосари лавозимига тасдиқланди. Унинг вазифалари доирасига шаҳарда сув тошқини ва ёғингарчилик билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш ҳам киради.
Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳокимларига янги ўринбосарлар — вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиқлари, қолаверса, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари — Қорақалпоғистон Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси тайинланди. Уларнинг барчаси хотин-қизлардан иборат.
2020 йилдан бери Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари сифатида ишлаб келган Мухтор Муҳитдинов бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан лавозимидан озод этилди. Ҳокимликнинг «Газета.uz» га аниқлик киритишича беришича, у маҳалла вазири ўринбосари сифатида фаолиятини давом эттиради.
Сенаторлар Халилилло Тўрахўжаевни Олий суди раисининг ўринбосари — фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига тасдиқлади. У бунга қадар Кадастр агентлиги директори сифатида ишлаб келаётган эди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг