Исроил Теҳронда ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳания ўлдирилгани ортидан яқин кунларда Эрон ва унинг иттифоқчилари ҳужумини кутмоқда. Исроил шаҳарларида бомбапаноҳлар тайёрланмоқда, шифокорлар қон захираламоқда. Бироқ Эрон минтақада эскалация хавфи туфайли ҳужумни қайта кўриб чиққан бўлиши мумкин.
Июль ойи охирида Теҳронда ўлдирилган Исмоил Ҳаниянинг ўрнига Яҳё Синвар ҲАМАС сиёсий бюросининг янги раҳбари бўлади. Исроил ҳукумати уни ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужумларига бошчилик қилганлардан деб билади.
Теҳронда ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания ва унинг қўриқчиси уларга қилинган ҳужум оқибатида ҳалок бўлди. Ҳания Эроннинг янги президенти Масъуд Пезешкиённинг инаугурация маросимида қатнашиши учун Теҳронга келганди.
Исроил ҲАМАСдан Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича янги таклифлар олди ва бир неча ой давомида берк кўчага кириб қолган музокараларни давом эттиришга рози бўлди.
БМТ мустақил комиссияси ҲАМАС ҳам, Исроил ҳам 2023 йил октябрь ойидан бери уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар содир этган, деган хулосага келди.
БМТ Хавфсизлик кенгаши АҚШ президенти Жо Байденнинг Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш режасига розилик билдиришга чорловчи резолюция лойиҳасини қабул қилди. Овоз беришда қатнашган мамлакатларнинг 14 таси ҳужжатни ёқлади.
Исроилнинг Рафаҳдаги чодирлар лагерига ҳаво ҳужуми оқибатда камида 45 киши ҳалок бўлди, юзлаб одамлар жароҳат олди. Ҳужум БМТ ва Европа Иттифоқи томонидан қораланди. Нетаняху зарбани «фожиали бахтсиз ҳодиса» деб атади, лекин мақсадларга эришилмагунча урушни тугатиш ниятида эмаслигини маълум қилди.
Гаагадаги Халқаро жиноий суд прокурори ҲАМАСнинг уч етакчиси, шунингдек, Исроил бош вазири ва мудофаа вазирини ҳарбий ҳамда инсониятга қарши жиноятларда айблаб, ҳибсга олиш учун ордер беришни талаб қилди.
Исроил мудофаа кучлари Ғазо сектори жанубидан қуруқликдаги қўшинларни олиб чиқиб кетаётганини эълон қилди, у ерда фақат битта бригада қолди. Исроил расмийлари ҳамон Рафаҳда қуруқликдаги операция ўтказиш ниятида.
Халқаро суд Жанубий Африканинг Исроилга қарши иши бўйича ўзининг биринчи қарорини чиқариб, Исроил ҳукуматига Ғазо секторида геноцидга олиб келадиган хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш учун барча чораларни кўришни буюрди. Суд зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирмади.
БМТнинг Гаагадаги суди Ғазо аҳолиси геноциди учун ЖАРнинг Исроилга қарши берган даъвоси бўйича суд ишини бошлади. Жанубий Африка Исроилнинг ҲАМАС ҳужумидан кейин қилган ҳаракатларини «ҳаддан ошиш» ва «геноцид» эканини таъкидламоқда. Исроил расмийлари бу айбловларни «қонли туҳмат» деб атади.
Исроил ҳукумати ҲАМАС билан ўт очишни вақтинча тўхтатиш ва бу даврда асирларни алмашишга келишиб олди. Сулҳ вақтида инсонпарварлик ёрдами, дори-дармон ва ёнилғи юкланган юк машиналари Ғазога кириши мумкин бўлади. Тафсилот.
Исроил мудофаа кучлари Ғазодаги энг йирик «Ал-Шифо» тиббиёт мажмуасида ҲАМАСга қарши ҳарбий операция ўтказмоқда. Исроил аскарлари шифохонага кирган ва тутунли граната отган бўлиши мумкин. Улар касалхонадан ерости бошқарув пости учун қалқон сифатида фойдаланилаётганини айтмоқда. ҲАМАС буни рад этди.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми «йўқ жойдан пайдо бўлмаганини» айтди. Бу фикр Исроил ҳукумати томонидан қаттиқ танқидга учради ва мамлакат расмийлари Гутерришнинг истеъфосини сўради. Баёнотдан сўнг Исроил БМТ вакилларига виза беришни тўхтатди.
АҚШ президенти Жо Байден аҳолига телемурожаатида ҲАМАС ҳамда Россия президенти Владимир Путин «демократияни бутунлай йўқ қилмоқчи»лигини ва Америка террорчилар ва золимларнинг ғалаба қозонишига йўл қўймаслигини айтди. У америкаликларни Украина ва Исроилни қўллаб-қувватлашда давом этишга чақирди.
Байден ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумини 11 сентябрь воқеаларига қиёслади. АҚШ ва Исроил разведкаси «Ал-Аҳли» касалхонасидаги портлашда «кўпи билан бир неча ўн нафар» одам ўлган деб ҳисобламоқда. Миср ва АҚШ раҳбарлари гуманитар ёрдам коридорини очиш бўйича келишиб олди.
Ғазодаги «Ал-Аҳли» шифохонасига қилинган ҳужум мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан кескин қораланди. Воқеадан сўнг Яқин Шарқнинг бир қанча давлатларида оммавий норозиликлар бошланди. Иорданияда ўтиши керак бўлган АҚШ президенти ҳамда Миср ва Фаластин раҳбарлари саммити бекор қилинди.
ҲАМАС илк марта гаровга олинганлардан бирининг видеосини эълон қилди, Эрон дипломати Исроил бомбардимон қилишни тўхтатса, ҲАМАС Ғазода гаровга олинганларни озод қилишга тайёрлигини айтди. АҚШ ва Исроил Ғазога гуманитар ёрдам етказиш режасини тайёрлашга келишиб олди.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги ҲАМАС ҳужумлари оқибатида 3 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлгани, 4 киши бедарак йўқолганини маълум қилди. Уруш туфайли Исроилда жами 148 нафар чет эл фуқароси ҳалок бўлган, 143 киши бедарак йўқолган.
Исроил ҲАМАС гуруҳининг ҳаракатларига жавобан Ғазо секторини «тўлиқ блокада» қилишга буйруқ берди. Фаластин ССВ беморлар кўпайиб кетган касалхоналарга шошилинч тиббий ёрдам таъминотини етказиб бериш учун хавфсиз йўлак очишга чақирмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг