Ўзбекистондаги деярли барча ҳокимликлар 2023 йил учун бюджетни ўтган йил охирида, ҳатто янги йилда ҳам солиқ тўловчилар фикрини ҳисобга олмасдан қабул қилди. Андижон ва Сирдарё ҳокимликлари бюджет лойиҳаларини эълон қилганди, бироқ лойиҳа муҳокама вақти тугамай туриб қабул қилинди.
Пойтахт ҳокимлиги профилактик чора-тадбирларга қарамасдан шаҳарда жиноятчиликни жиловлаш қийин кечаётганини маълум қилди. Жумладан, 6 ой давомида 10381 та жиноят содир этилган. Қолаверса, 5436 нафар фуқаро тиланчилик ва 19 749 нафар фуқаро дайдиликда гумонланиб, профилактик суҳбатдан ўтказилган.
2021 йилда коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1,2 трлн сўм зарар етказилган. Ҳокимликларнинг бюджетдан орттирилган маблағларни очиқлаш мажбурияти жорий қилингач, автомобиль сотиб олиш ёки ҳокимиятни таъмирлаш кескин камайган, деди Антикоррупция агентлиги раҳбари. Акмал Бурхонов бу амалиёт ҳокимлик бюджетининг кўпроқ ижтимоий-инфратузилмага йўналтирилаётганига сабабчи бўлганлигини таъкидлади.
Антикоррупция агентлиги Учқудуқ туман ҳокимининг собиқ ўринбосари ва бошқалар 33 нафар фуқарони «Йўлчилар», «Кўкпатас» ва «Кўкаяз» маҳаллаларида 3 йил давомида яшаганлиги тўғрисида сохта ҳужжатларни расмийлаштириб, улардан 25 нафари ОТМга давлат гранти асосида киришига сабабчи бўлганини маълум қилди. Давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказгани учун мансабдорларга нисбатан жиноят иши очилди.
Қарши шаҳар ҳокимлиги вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ижобий хулосасини олмасдан туриб, 47 туп кўп йиллик дарахтни кесиб ташлади. Табиатга етказилган зарар 253,5 млн сўм деб баҳоланмоқда.
Уйида газ ва свет йўқ 10 дан ортиқ хотин-қизлар Қўқон шаҳар ҳокимияти олдидаги йўлни тўсиб қўйди. Таъкидланишича, мутасаддилар уларнинг сўзларини эшитмаяпти. Йўлни бўшатишни сўраган ҳайдовчиларга қарата аёллар, — «уриб кетишингиз мумкин, барибир уй совуқ», — дея жавоб қайтаришган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг