Вазирлар Маҳкамаси мажлисида давлат органлари матбуот хизматлари фаолияти танқид қилинди. Жиззах вилоятидан бошқа барча ҳудудлар сайтида очиқ маълумотлар уч ойгача янгиланмагани таъкидланди. ОАВ ва жамоатчилик билан тизимли алоқаларни йўлга қўймагани учун Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев ва Андижон шаҳар ҳокими Бахромжон Ҳайдаров огоҳлантирилди.
28 март ҳолатига e-qaror.gov.uz электрон тизимида 221 та вилоят, туман, шаҳар ҳокимиятлари қабул қилган 76 мингга яқин ҳоким қарорлари ҳақида маълумот мавжуд. Ушбу маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳокимиятлар бир йил ичида кунига ўртача 177 та қарор қабул қилган. Қарши шаҳар ҳокими эса ўртача ҳар икки кунда ўзи томонидан қабул қилинган битта қарорни бекор қилади.
Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳокимларига янги ўринбосарлар — вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиқлари, қолаверса, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари — Қорақалпоғистон Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси тайинланди. Уларнинг барчаси хотин-қизлардан иборат.
Президент Шавкат Мирзиёев йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича Республика комиссияси ташкил этилишини маълум қилди. Унга бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилади, унинг ўринбосари ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бўлади. Ҳудудий комиссияларга эса ҳокимлар раҳбар этиб тайинланади. Комиссиялар йўллар ҳолати ва мавжуд инфратузилма ҳамда авария ўчоқларини ўрганади.
Адлия вазири душанба кунги матбуот анжуманида раҳбарлар ўзини ҳудуди ёки соҳасини беги эмаслиги, балки улар халқнинг ёлланма ишчиси эканлигини таъкидлади. «У ёлланма ишчи, биз ҳам ёлланма ишчимиз», — деди Русланбек Давлетов. Қолаверса, давлат органлари ва ташкилотларида иш вақти тўғри йўлга қўйилмагани давлат хизматининг жозибадорлигига таъсир қилаётганини танқид қилди. «Шунинг учун ҳам ақлли одамлар келмаяпти давлат хизматига», — деди у.
Сенат «Газета.uz» нинг ҳокимларнинг халқ депутатлари кенгаши раиси мақомини бекор қилишга оид ҳужжат 2,5 йил олдин тайёрлангани, бироқ қабул қилинмагани ҳақидаги мақоласи юзасидан муносабат билдирди. Таъкидланишича, «қуйи палатада муҳокама қилинмаган қонун лойиҳаси Сенатда ҳам кўриб чиқилмаган». «Маҳаллий кенгашлар мустақил орган. Сенат фақатгина уларнинг фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашади, услубий ёрдам кўрсатади», — дейилади баёнотда.
2019 йилги Давлат дастурига кўра, 6 ой ичида ҳокимларнинг халқ депутатлари кенгаши раиси мақомини бекор қилишга оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. «Газета.uz» нинг аниқлашича, Адлия вазирлиги ўшандаёқ лойиҳани ҳуқуқий экспертизадан ўтказиб, ижобий хулоса берган. Бироқ, ҳужжатнинг ундан кейинги тақдири номаълумлигича қолмоқда. Қонунчилик палатаси маълум қилишича, «ҳужжат қуйи палатага келиб тушмаган, шу сабабли муҳокама қилинмаган». Сенат эса сукут сақламоқда.
Шавкат Мирзиёев Олмалиқ шаҳрида фаоллар билан учрашувда Тошкент вилоятидаги кадрлар муаммоси ҳақида гапирди. «Бири коррупцияга йўл очади, бошқаси дарров ғўддайиб, оёғи ердан узилади. Мен амални бераман, лекин арқонни узун ташлаб қўяман», — деди у. Тошкент вилоятида сўнгги 6 йилда еттинчи ҳоким лавозимга тайинланди.
Бир кунда Ўзбекистоннинг учта вилоятида саккизта туманига янги ҳокимлар тасдиқланди.
Захираси 5 минг тоннадан ортиқ Олмалиқдаги олтин кони, Ховосда 7 млн доллари талон-торож қилинган ОТБ, 540 млн сўмгача имтиёзли кредит олиш имконига эга бўлган ёш тадбиркорлар, сотувга қўйилган Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси, ҳокимлари алмашган туманлар, йўл-транспорт инфратузилмаси ишлаб чиқилаётган Тошкент ва бошқа хабарлар — «Газета.uz» нинг 22 декабрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Бухоро вилоятининг Ромитан, Самарқанд вилоятининг Булунғур ва Оқдарё ҳамда Наманган вилоятининг Косонсой туманларига янги ҳокимлар тасдиқланди.
Ноябрь ойида Навоий, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари ҳокимлари алмаштирилди. Ҳудудлар раҳбарлари ишининг сўнгги кунларида хилма хил қарорларни имзоладилар — турли ташкилотларга маблағ ажратишдан тортиб, автомобилни бошқа ташкилот балансига ўтказишгача. «Газета.uz» уч вилоят собиқ ҳокимларининг охирги қарорларини ўрганиб чиқди.
Президент ҳокимларнинг ғалла етиштирувчилар фаолиятига ҳар қандай аралашувини тақиқлашни назарда тутувчи қарорни имзолади. Эндиликда, ҳокимликлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар агротехник тадбирлар ўтказиш, кредитлардан фойдаланиш, буғдойни сотиш жараёнларига аралаша олмайди.
Президент халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимларнинг ваколатларини аниқ белгилаб берувчи қонунчилик базасини яратиш вақти келганини айтди. Унга кўра, «энди кенгаш раҳбари ижроия органи раҳбари бўла олмайди».
Тахиатош, Бойсун, Бўстон ва Термиз туманлари ҳокимлари Халқ депутатлари туман кенгаши мажлисларини ўтиб кетган кунга чақириш тўғрисида қарорлар қабул қилишган.
Республика бўйлаб ҳокимларнинг фаолияти самарадорлигини акс эттирувчи рейтинг натижалари argos.uz порталида эълон қилинди. «Вилоятларнинг ТОП туманлари» умумий рейтингида Навоий ҳамда Хоразм вилоятлари кичик фарқ билан етакчилик қилмоқда. Энг қуйи поғонани эса Сурхондарё вилояти эгаллаган.
Бухоро вилояти ҳокимининг фармойишига биноан, фуқаролар мурожаатлари билан ишлашга эътиборсиз бўлган 5 та туман ҳокимига «ҳайфсан» берилди. 2 та туман ҳокими эса иш ҳақининг 20 фоиз миқдорида жарима тўлайдиган бўлди. Бухоро шаҳри ҳокими қаттиқ огоҳлантирилди. Яна бир ҳокимга фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг ҳолатини чуқур таҳлил қилиш топширилди.
Тошкент ҳокими пойтахтнинг уч тумани ҳокимларига «ҳайфсан» эълон қилди. Бунга уларнинг биринчи ярим йилликда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини камайтиришга йўл қўйганликлари сабаб бўлган.
Президент фармони билан ҳокимликларнинг ерни тўғридан-тўғри ажратиш ваколати бекор қилинди. Шунингдек, айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ерни олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш тақиқланди.
Давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият органларида хизмат авторанспорт воситаларини бириктириш меъёрлари тасдиқланди. Эндиликда, вазирлар учун хизмат машинасининг энг юқори нархи 490 млн, ҳокимлар учун эса 245 млн сўм этиб белгиланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг