АҚШнинг Флорида штати ҳукумати «Милтон» тўфони хавфи туфайли 5,5 миллиондан ортиқ одамни эвакуация қилишга чақирди. Эвакуация штат тарихидаги энг йирикларидан бири бўлди.
Дэвид Бейкер, Демис Хассабис ва Жон Жумпер 2024 йилги кимё бўйича Нобель мукофоти совриндорлари бўлди. Олимларга мукофот сунъий интеллектдан фойдаланиб, оқсиллар тузилишини аниқлагани ва янги турларини яратишдаги ишлари учун тақдим қилинди.
Қозоғистон ҳукумати АЭС қуриш бўйича бештагача давлатни ўз ичига оладиган халқаро консорциум тузиш ниятида. Етказиб берувчиларни танлаш бўйича қарор келаси йили қабул қилинади.
Исроил Ливан жанубида «Ҳизбуллоҳ»га қарши қуруқликдаги операциясини кенгайтирганини маълум қилди. Гуруҳ Исроил ҳудудига юзлаб ракеталар учирди. Сўнгги уч ҳафта ичида Ливанда 1400 дан ортиқ одам ҳалок бўлди.
Физика бўйича 2024 йилги Нобель мукофоти сунъий нейрон тармоқларидан фойдаланган ҳолда машинали ўқитишни таъминлайдиган асосий кашфиётлар ва ихтиролар учун Жон Хопфилд ва Жеффри Хинтонга берилди.
Украина қўшинлари Россия армиясини оғир жангларда имкон қадар чарчатиш мақсадида секин-аста Донбасс шаҳарларидан чекинмоқда, бироқ бу тактика муваффақиятли бўладими ё йўқ — ҳозирча номаълум, деб ёзди New York Times Киевнинг ҳарбий стратегияси таҳлилида.
Тиббиёт ва физиология бўйича Нобель мукофоти генлар фаолиятини бошқарувчи микроРНК молекулаларини кашф этган Виктор Амброс ва Гари Рувкунга берилди.
Қозоғистон Марказий комиссияси АЭС қуриш бўйича ўтказилган референдумнинг дастлабки натижаларини эълон қилди. Унга кўра, референдумда иштирок этган 5,56 миллион ёки 71,12 фоиз фуқаро АЭС қуришни ёқлаб овоз берди.
Европа Иттифоқи давлатлари сўнгги йилларда Европа бозоридаги улушини сезиларли даражада оширган Хитой электромобилларига тарифларни кўтаришга овоз берди.
АҚШ жануби-шарқида содир бўлган «Ҳелен» тўфони 200 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди, юзлаб одамлар бедарак йўқолди. Бир қатор штатларда 850 мингдан ортиқ аҳоли электрсиз қолмоқда.
Қозоғистон 2015 йилдан бери илк марта еврооблигациялар чиқаради. Мамлакат Молдова инвесторлари билан узоқ муддатли келишмовчиликни ҳал қилгандан сўнг евробондлар чиқаришни бошлашга муваффақ бўлди.
Сингапур суди собиқ транспорт вазирини бизнесменлардан қимматбаҳо совғалар олганликда айбдор деб топиб, бир йилга озодликдан маҳрум қилди. Сиёсатчи айбига иқрор бўлди. Бу иш мамлакатда катта резонансга сабаб бўлди — сўнгги 40 йил ичида бу вазир билан боғлиқ биринчи коррупция можароси ҳисобланади.
АҚШ ва G7 нинг бошқа давлатлари Исроилни Эроннинг ядровий объектларига зарба беришдан огоҳлантирди. Ғарб ОАВ объектлар Теҳрон ракета ҳужумига жавобан Тель-Авив учун нишон бўлиши мумкинлигини ёзмоқда.
Буюк Британиянинг охирги кўмир электр станцияси ёпилди. Мамлакат «Катта еттилик» орасида электр энергияси ишлаб чиқаришда кўмирдан фойдаланишдан бутунлай воз кечган илк давлат бўлди.
Украина Донецк вилояти жануби-ғарбидаги Угледардан қўшинларини олиб чиқди, шаҳар Россия назоратида бўлиб турибди. Аҳоли пункти учун жанглар сўнгги икки йилдан бери давом этмоқда, ҳудуд бутунлай вайрон бўлган.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Исроилда персона нон грата деб эълон қилинди. Бу билан Гутерришнинг Исроилга кириши таъқиқланди. Исроил ташқи ишлар вазири бунинг сабаби сифатида бош котиб Эроннинг Исроилга қилган ҳужумини «қатъий қоралай олмагани»ни келтирди.
Исроил Эроннинг оммавий ракета ҳужумларига «муҳим жавоб зарбаси»ни тайёрламоқда. Эҳтимолий нишонлар Эроннинг нефть ва ядровий объектлари бўлиши мумкин, деб ёзмоқда Ғарб ОАВ.
Сешанба куни кечқурун Эрон Исроилга 181 та баллистик ракета учирди. 3 киши яралангани хабар қилинган. Ўзбекистон элчихонаси ватандошларни ракета отишмалари вақтида бомба бошпаналарига кириш ва ҳар доим ўзлари билан ҳужжатларини олиб юришга чақирди.
Бир қатор оммавий ахборот воситалари Исроил Ливан жанубида ҳарбий операция бошлаганини маълум қилди. Исроилнинг ўзи эса бу «Ҳизбуллоҳ» инфратузилмасига қаратилган чекланган операция эканини таъкидламоқда. Reuters Ливандаги қочқинлар лагерига зарба берилганини ёзди.
АҚШнинг «Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси — DV» (Green Card) дастурида қатнашиш учун анкета тўлдириш 2 октябрдан 5 ноябргача давом этади. Бу йил АҚШ ҳукумати дастур учун 55 минг виза ажратганини маълум қилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг