Дания, Гренландия ва Канада бош вазирлари АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг ушбу ҳудудлар устидан назорат ўрнатиш истагини билдирган баёнотларига изоҳ берди. «Гренландия Гренландия халқига тегишли», — деб жавоб берди гренланд ҳукумати раҳбари.
БАА Исроил ва АҚШ билан Исроил қўшинлари олиб чиқиб кетилгандан кейин Ғазо секторининг келажаги бўйича ёпиқ музокаралар олиб бормоқда, деб ёзди Reuters. Абу Даби Фаластин маъмуриятини ислоҳ қилиш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш тарафдори.
Дональд Трамп Гренландия ва Панама канали АҚШ назоратига ўтиши кераклиги, бунинг учун ҳарбий куч ишлатишни истисно қилмаслигини айтди. У, шунингдек, Канадани Қўшма Штатларга қўшиш учун «иқтисодий куч» билан таҳдид қилди. АҚШнинг сайланган президенти яна нималар деди — «Газета.uz» обзорида.
Сеул округ суди мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилгани учун импичмент эълон қилинган президент Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш ордерини узайтирди. Терговчиларнинг Юнни ушлашга бўлган аввалги уринишлари қўриқчилар қаршилик кўрсатгани сабабли муваффақиятсизликка учраганди.
Дания қироли Трампнинг оролни сотиб олиш ҳақидаги баёнотидан кейин мамлакат гербини ўзгартириб, унда Гренландия рамзини катталаштирди. Дизайн Фарер ороллари ва Гренландия устидан назоратни сақлаб қолиш ниятини кўрсатади. Аввалроқ Дания бош вазири Трампга «Гренландия сотилмайди» дея жавоб берганди.
Тибетнинг баланд тоғли туманларидан бирида 6,8 магнитудали зилзила содир бўлди. Камида 53 киши ҳалок бўлди, 62 киши жароҳат олди. Зилзилалар Непал, Бутан ва Ҳиндистонда ҳам сезилди.
АҚШ Конгресси вице-президент Камала Ҳаррис раислигида Дональд Трамп ғалаба қозонган президентлик сайловлари натижаларини тасдиқлади. Овозларни сертификатлаш расмиятчилик саналса-да, жараён 2021 йилда Трамп тарафдорларининг Капитолийга бостириб кириши билан ёдда қолган.
«Украинада президентлик сайлови ҳарбий ҳолат тугаганидан сўнг дарҳол ўтказилади», — деди Владимир Зеленский. «Ёки парламент қонунчиликни ўзгартириши керак», — деган президент қонун уруш шароитида сайлов ўтказишни тақиқлашига ишора қилди ва жамият бунга қарши эканини билдирди.
2015 йилдан бери Канада бош вазири ва Либерал партия етакчиси бўлиб келган Жастин Трюдо истеъфога чиққанини эълон қилди, бу ҳукуматда тартибсизликлар кучайган паллада юз берди. Трюдо партия янги номзодни танлагунча лавозимида қолади. Истеъфодан сўнг Трамп Канадага 51-штат бўлишни яна таклиф этди.
Нью Йоркнинг марказий кўчаларида тиғиз вақтларда йўл ҳақи тўлаш жорий этилди. Ҳали АҚШнинг ҳеч бир шаҳрида бундай қоида киритилмаганди. Манҳеттенга кириш нархи — кунига 9 доллар. Шаҳар ҳукумати шу тариқа тирбандликка қарши курашмоқчи ва жамоат транспортини ривожлантириш учун маблағ йиғмоқчи.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Бокудан Грознийга учган Azerbaijan Airlines самолётининг ҳалокатга учрашига «Россия Федерацияси вакиллари» айбдор эканини айтди. У Россиядан айбдорларни жазолашни ҳамда «инсоний хулқ-атвор»ни талаб қилди.
ҲАМАС ўз қўшинларини Ғазо ҳудудидан олиб чиқиб кетиш ва ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимни имзолаш эвазига 34 нафар исроилликни озод қилишга розилигини билдирди. ОАВ маълумотларига кўра, ўтган ҳафта Қатарда томонлар келишув бўйича музокараларни қайта тиклаган.
АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг порноактрисага қилган тўловларини яшириш учун ҳужжатларни қалбакилаштиргани бўйича суд ҳукми 10 январь куни — унинг инаугурациясидан 10 кун олдин эълон қилинади. Судья сиёсатчига нисбатан қамоқ ёки жарима тайинлаш нияти йўқлигидан огоҳлантирди.
Германия ва Франция ташқи ишлар вазирлари Европа Иттифоқи номидан Сурияга бориб, музокаралар ўтказди. Улар Сурия халқига ҳокимиятни тинч йўл билан топширишда ёрдам бериш, ҳуқуқлар кафолатлари, Россиянинг у ердаги ҳарбий базаларини ёпиш каби масалаларни муҳокама қилди.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев мамлакатда иккинчи ва учинчи АЭС қурилишини истисно қилмади. «Мен Қозоғистон атом энергетикаси ривожланган давлатга айланиши керак, деб ҳисоблайман. Унинг келажаги порлоқ», — деди у.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 2022 йил январдаги тартибсизликларга изоҳ берди. «Воқеалар мамлакатга ҳокимиятни бирлаштириш кераклигини ва давлат раҳбари „Худонинг ердаги сояси“ эмас, балки ёлланма менежер эканини ўргатди», — деди у.
Нурсултон Назарбоев истеъфога чиққач, «сиёсий андишаси билан ажралиб турмади» ва амалдорлар билан йиғилишларни давом эттирди. Қозоғистон раҳбари Тоқаевнинг сўзларига кўра, бундай вазият икки ҳокимиятчиликка ва ундан кейинги инқирозга, жумладан, 3 йил олдинги январь воқеаларига сабаб бўлди.
Жанубий Кореяда ҳарбийлар ва қўриқчилар қаршилик кўрсатгани учун президентликдан четлатилган Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш ордери муваффақиятсиз кечди. 31 декабрда Корея тарихида илк бор суд амалдаги президентни ҳибсга олишга ордер берганди. Ёль бунгача чақирув қоғозларини 3 марта эътиборсиз қолдирган.
АҚШнинг Янги Орлеан шаҳрида машина одамлар тўпланиб турган жойга кириб борди ва камида 15 киши ҳалок бўлди, 35 киши жароҳатланди. Ҳужумда АҚШ фуқароси, армия собиқ хизматчиси гумонланмоқда. Унинг машинасидан ИШИД байроғи топилган ва ҳодиса «террорчилик ҳаракати» сифатида текширилмоқда.
Россияда бўлган ноқонуний мигрантлар ўз мақомини тартибга солиши ёки 2025 йил 30 апрелгача мамлакатдан чиқиб кетиши шарт, бу ҳақда Путин фармон имзолади. Ҳарбий хизматни ўташ учун Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган муҳожирлар депортация қилинмайди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг