Афғонистонда сиёсий инқирозга президент Ашраф Ғани ва унинг сиёсий рақиби Абдуллоҳ Абдуллоҳ келишуви билан барҳам берилди. Унга кўра, Ашраф Ғани президент мақомини сақлаб қолади ва Абдуллоҳ Абдуллоҳ эса Афғонистон Олий миллий ярашув кенгаши раиси бўлади. Шунингдек, собиқ вице-президент генерал Абдулрашид Дўстумга маршал унвони берилиши келишилган.
Италия ҳукумати 3 июндан бошлаб мамлакатнинг бир вилоятидан иккинчисига ўтишга рухсат беради. Шу билан бирга, 18 май кунидан битта вилоят ичида саёҳат чекловлари бекор қилинади. Маҳаллий ҳокимларга ижтимоий масофаланиш тадбирини амалга ошириб бўлмайдиган ҳудудларни вақтинча ёпиб кўйиш ваколати берилади.
Тожикистонда коронавирус ҳолатлари сони бир кунда 106 тага ошиб, жами 907 тага етди. Шу вақтга қадар 29 та ўлим қайд этилди.
Словения Европада биринчи бўлиб мамлакатда коронавирус эпидемияси якунига етганини эълон қилди. Фуқаролар Австрия, Италия ва Венгрия ҳудудидан чегарани кесиб ўтишлари мумкин, мамлакатда савдо марказлари, кафе ва меҳонхоналар очилади.
Болтиқбўйи давлатлари бир-бирига чегараларини қайтадан очди. Бироқ Эстония, Латвия ва Литва ташқарисидан келган саёҳатчилар икки ҳафтани карантинда ўтказишлари керак.
COVID-19 пандемияси сабабли дунё иқтисодиёти 8,5 трлн доллар йўқотиши (3,2 фоизга қисқариш) прогноз қилинмоқда. Бунда, ривожланган мамлакатларнинг ЯИМ 5 фоизга, ривожланаётганларда эса 0,7 фоиз пасаяди. Бу 1930 йиллардаги «Буюк Депрессия»дан кейинги кескин иқтисодий инқирозни англатади, дейилади БМТнинг иқтисодий ҳисоботида.
Жаҳон банки коронавирусга қарши кураш доирасидаги чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Марказий Осиё давлатларига 370 млн доллар ажратди. Шундан Ўзбекистонга давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш учун 200 млн, соғлиқни сақлаш миллий тизимини яхшилаш ва кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида 95 млн, ҳамда тезкор тиббий ёрдам тизимини ислоҳ қилишга 17 млн доллар тақдим этилган.
Twitter ходимлари коронавирус сабабли ўрнатилган карантин чекловлари олиб ташлангандан кейин ҳам уйда қолиб ишлашлари мумкин.
Хитойнинг Ухань шаҳрида короновирус беморлари аниқланганлиги сабабли, шаҳар маъмурияти Уханнинг барча 11 млн аҳолисини коронавирус инфекциясига қайта текширишга буюрди. Таҳлилларни 10 кун ичида ўтказиш режалаштирилган.
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковда коронавирус инфекцияси аниқланди.
Аввалроқ карантин чораларини юмшатган Жанубий Корея, Хитой ва Германияда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари сони ошгани қайд этилди. Дунё бўйича COVID-19 ҳолатлари сони 4 миллиондан ошди.
АҚШда ишсизлик даражаси 1930 йиллардаги «Буюк Депрессия» давридан бери энг юқори кўрсаткичга етмоқда — 14,7 фоиз. Дональд Трампнинг икки юқори даражали иқтисодий маслаҳатчилари АҚШда коронавирус пандемияси давом этаверган ҳолда ишсизлик даражаси кўтарилаши ва июнь ойида ишсизлик кўрсатгичи 20 фоизгача юқорилаши мумкинлигини маълум қилишди.
АҚШ ҳукумати Сардоба сув омбори ўпирилишининг оқибатларини бартараф этиш учун 100 минг доллар ажратади. Ушбу маблағ сув омбори ўпирилиши натижасида ўз уйларидан кўчирилган муҳтож оилаларга озиқ-овқат ва бошқа зарур воситаларни тарқатиш учун Ўзбекистонга мазкур инқироздан қутулиш ва қайта тикланишда ёрдам беришга йўналтирилади.
Павел Дуров IT-тадбиркорлар учун АҚШ энг яхши жой деб ҳисобламаслигини маълум қилди. Telegram асосчиси бунинг 7 та сабабини санади. Дуров бу масаладаги фикрлари билан ўртоқлашишга Юрий Дуднинг Кремний (Силикон) водийсидаги ҳаёт ва иш тарзи тўғрисидаги фильми туртки бўлганини айтиб ўтди.
Украина президенти Владимир Зеленский Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилини ислоҳотлар қўмитаси раҳбари этиб тайинлади. Олдинроқ Саакашвилининг номзоди бош вазир ўринбосарлигига кўрсатилган эди.
Германия май ойининг иккинчи ярмидан футбол бўйича чемпионатни қайта тиклайди. Англия ва италян жамоалари ҳам ўз турнирларини якунлаб олишни хоҳлашмоқда, бироқ ҳукуматлар қарорларини кутишга мажбур. Француз чемпионати апрель ойида «Пари Сен-Жермен»нинг муддатидан олдинги ғалабаси билан якунланди.
Дональд Трамп унинг Эронга қарши ҳарбий ваколатларини чеклайдиган АҚШ Конгресси резолюциясига вето қўйди. Мазкур резолюция «қонунларни нотўғри талқин қилишга асосланган, ҳақоратли ва АҚШ ўзининг иттифоқчилари ва шерикларини ҳимоя қилиш ваколатларига катта зарар етказган бўлар эди», деди Оқ уй раҳбари.
Ўзбекистондаги сув омбори тўғони ўпирилиши натижасида бошпанасидан маҳрум бўлган қозоғистонликларга 1000 дан зиёдроқ уй қуриб берилади. Жабрланганларга моддий товон ҳам тўланади.
Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Токаев коронавирус пандемиясига қарши курашга 13 млрд доллар ёки ЯИМнинг 8 фоиздан кўпроғи сарфланганини маълум қилди.
БААнинг Шаржа шаҳрида 48 қаватли осмонўпар бинода кучли ёнғин содир бўлди. Кўп қаватли бино ва энг яқин уйларда яшовчилар эвакуация қилинди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг