Қозоғистон президенти чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари ва электрон сигареталар, уларнинг суюқликларини олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сотишни, шунингдек, реклама қилишни тақиқловчи қонунни имзолади.
Ҳиндистонда 44 кун давом этадиган парламент сайловлари бошланди, унда салкам 1 млрд сайловчи иштирок этади. Сўровлар бош вазир Нарендра Моди бошчилигидаги ҳукмрон Бҳаратия Жаната партияси ғалаба қозонишини башорат қилмоқда, шундай бўлса, Моди кетма-кет учинчи муддатга қайта сайланиши мумкин.
2023 йилда дунё бўйича ҳарбий харажатлар 6,8 фоизга ўсиб, 2,44 трлн доллардан ортиқни ташкил этди, дейилади SIPRI ҳисоботида. АҚШ, Хитой ва Россия энг кўп ҳарбий харажат қилган давлатлар бўлди. Россиянинг харажатлари СССР парчаланганидан буён энг юқори даражага етди.
ЖССТнинг таъкидлашича, парранда гриппи вирусининг сутэмизувчилар, жумладан, одамлар орасида тарқалиши жиддий муаммо туғдиради. Инфекция одамдан одамга юқмайди, лекин уни юқтирган одамлар орасида ўлим даражаси юқори ҳисобланади.
Хитой ҳукумати талаби билан Apple WhatsApp, Telegram, Signal, Line ва Threads мессенжерларини App Store’дан олиб ташлади. The Wall Street Journal’нинг таъкидлашича, иловалар уларда ХХР етакчисига нисбатан «шубҳали» ҳаволалар борлиги сабаб ўчирилган.
АҚШ БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Фаластиннинг ташкилотга тўлақонли аъзолигига оид резолюция лойиҳасига вето қўйди. Фаластин айни дамда БМТда кузатувчи давлат мақомига эга.
Исроил дронлар орқали, Эрон расмийларига кўра, Исфаҳон шаҳри яқинидаги ҳарбий ҳаво базасига зарба берди. Ҳужум пайтида портлаш овозлари эшитилган, ҳудуддаги ядровий иншоотларга зарар етмаган. Исроил мудофаа кучлари бу зарбага изоҳ бермади.
Россиянинг ракета ҳужумлари оқибатида Украина деярли барча иссиқлик электр станцияларини йўқотди, атом электр станциялари эса ўққа тутилиш хавфи остида, деди президент Владимир Зеленский. У яна иттифоқчиларни мамлакатни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлашга чақирди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида одамлар ва контрабанда товарларни қўшни давлатга ноқонуний олиб ўтишда фойдаланилган ерости туннели аниқланди. У ердан ўтаётган икки давлат фуқаролари қўлга олинди.
Грузия парламенти мамлакатда оммавий норозиликларга сабаб бўлган «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Президент Саломе Зурабишвили вето қўйишга ваъда берди, аммо ҳукмрон партия уни четлаб ўтиши мумкин.
БААда сўнгги 75 йил ичида рекорд даражада ёғингарчилик кузатилди. Дубай бундан энг кўп зарар кўрди — кўча, уйлар, савдо марказлари ва аэропорт сув остида қолди. Ҳодисани ҳукумат қурғоқчил иқлимда ёмғир чақириш учун фойдаланадиган булут экиш ишлари келтириб чиқарган бўлиши мумкин, деб ёзди Bloomberg.
Россия Украинанинг Чернигов шаҳри марказига ракета ҳужумини уюштирди, оқибатда камида 13 киши ҳалок бўлди, 60 дан ортиқ киши жароҳатланди. Расмийлар турар жой бинолари ва фуқаролик инфратузилмаси зарар кўрганини билдирди.
Марказий Европа ва Марказий Осиёда демократик кўрсаткичлар пасайишда давом этмоқда, Украинадаги уруш ва бошқа можаролар эса минтақадаги геосиёсий ўзгаришларни тезлаштирди, дея таъкидлади Freedom House. Ўзбекистондаги демократия даражаси 7 дан 1,18 балл сифатида баҳоланди.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев мамлакатдаги энг йирик сув тошқинлари фонида ҳукуматга бюджет маблағларини тежаш мақсадида имидж яратиш ва йирик тадбирларни ўтказишдан воз кечишни буюрди.
Минглаб одамлар Грузия парламенти биноси яқинига «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасига норозилик билдириш мақсадида йиғилди. Уларнинг фикрича, қонун Россиянинг хорижий агентлар ҳақидаги қонунига ўхшаш. Ҳужжат ўтган йили муҳокамага қўйилган, бироқ намойишлардан сўнг қайтариб олинганди.
Нью-Йоркда Дональд Трампнинг сукут сақлаши учун порноактрисага пул тўлагани бўйича суд жараёни бошланди. Тарихда илк бор АҚШ собиқ президенти жиноий иш бўйича судда иштирок этмоқда. Сиёсатчи ўзига қўйилган айбни тан олмаяпти.
Сингапур бош вазири Ли Сянь Лун йигирма йиллик ҳокимиятдан сўнг 15 май куни ўз лавозимини тарк этади. Унинг ўрнига бош вазир ўринбосари ва молия вазири Лоренс Вонг тайинланади.
Форс кўрфази давлатлари Исроил ва Эрон ўртасида кенг кўламли уруш бўлишидан қўрқмоқда, чунки вазиятга уларнинг ўзлари ҳам жалб қилиниши хавфи мавжуд. Улар АҚШ билан биргаликда Тель-Авив ҳамда Теҳронга босим ўтказмоқда, деб ёзди Reuters.
Қосим-Жомарт Тоқаев оиладаги зўравонликка қарши курашга қаратилган қонунни имзолади. Қонун билан аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай шакли учун жавобгарликни кучайтирувчи нормалар жорий этилмоқда.
13 апрель куни Эрон Исроил томон ўнлаб дрон ва ракеталарни учирди. Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяху ҳужумдан сўнг дарҳол халққа мурожаат қилиб, мамлакат узоқ йиллардан буён Эрон ҳужумига тайёргарлик кўрганини, ҳукумат «ҳар қандай сценарийга, мудофаага ҳам, ҳужумга ҳам тайёрлигини» таъкидлади.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг