Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида одамлар ва контрабанда товарларни қўшни Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний олиб ўтишда фойдаланилган ерости йўли топилди. Бу ҳақда Ўш вилояти ИИБ матбуот хизматига таяниб Kaktus хабар қилди.

5 апрель куни Ўш вилояти ИИБ ходимлари Қирғизистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтган Ўзбекистон фуқаросини қўлга олди. Текширув давомида у Қирғизистонга икки давлатни боғлайдиган яширин туннел орқали қонуний чегарани четлаб ўтгани маълум бўлган.

Ҳолат юзасидан Қирғизистон Жиноят кодексининг 168-моддаси «Ноқонуний миграцияни ташкил этиш, мигрантларни ноқонуний олиб кириш» моддаси бўйича жиноят иши очилди.

12 апрелга ўтар кечаси Ноокен туманида Қирғизистон фуқароси қўлга олинди. У Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтишни пул эвазига ташкил қилганликда гумонланмоқда.

ИИБ маълумотларига кўра, қўлга олиш чоғида гумонланувчидан махсус белгили валюта ва тунги кўриш дурбинлари мусодара қилинган. Шунингдек, унинг уйидан дастлабки қиймати қарийб 30 минг долларга тенг 87 қути наркотик модда топилган.