17 апрель куни Грузия парламенти оммавий норозиликларга сабаб бўлган «хорижий агентлар тўғрисидаги» қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди, дея хабар бермоқда Mtavari TV. Мухолифатнинг фикрича, қонун лойиҳаси Россия «хорижий агентлар» ҳақидаги қонунчилигини такрорлайди.

83 депутат қонунни лойиҳасини ёқлаб овоз берган бўлса, ҳеч ким қарши овоз бермади. Сабаби мухолифатчи депутатлар ҳукмрон партия депутатлари билан оғзаки жанжалдан сўнг овоз бериш жараёни олдидан зални тарк этди, деб ёзади телеканал.

Грузия президенти Саломе Зурабишвили агар ҳужжат уч ўқишда ҳам қабул қилинса, унга вето қўйишини айтди.

«Ушбу қонун лойиҳаси «Путин қонуни»нинг аниқ нусхасидир… Мен Европа Иттифоқининг стратегияси ва тавсияларига зид бўлган бошқа қонунлар билан бўлгани каби бу қонун лойиҳасига ҳам вето қўяман», деди у BBC билан суҳбатда ва суҳбат бу сўзларининг тасвирини X даги саҳифасига жойлади.

Зурабишвили, шунингдек, унинг ветоси парламентдаги кўпчилик томонидан бекор қилиниши мумкинлигини ҳам қўшимча қилди.

Қонун лойиҳаси бўйича овоз бериш жараёни Тбилисида уч кундан бери давом этаётган норозилик намойишлари фонида ўтмоқда. Намойишчилар парламент биноси олдида тўпланиб, Грузия ва Европа Иттифоқи байроқларини кўтариб, «Европага ҳа, Россия қонунига йўқ» деган ва бошқа шиорларни айтишмоқда.

  • «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасини парламент муҳокамасига ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси киритди. Бу ҳужжатни тасдиқлаш учун иккинчи уриниш ҳисобланади. 2023 йили жамоатчилик танқиди ва кўплаб норозилик намойишларидан сўнг ҳукумат уни қайтариб олишга мажбур бўлганди.
  • Ҳужжат қабул қилинса, 20 фоиздан ортиқ маблағни хориждан олувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларига «хорижий давлат манфаатларини кўзловчи ташкилот» сифатида давлат реестрида рўйхатдан ўтиш мажбурияти юклатилади.
  • Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзенинг айтишича, таклиф этилаётган қонун лойиҳаси грант олувчиларнинг молиявий шаффофлигини таъминлаш учун зарур. Мухолифат партиялари ва мустақил журналистлар эса, ўз навбатида, ҳужжат Грузиядаги танқидий овозларни бостириш ва мамлакатнинг Европа Иттифоқига кириш имкониятларини йўқ қилишга уриниш, деб ҳисобламоқда.