Ҳафтанинг бошида салқин об-ҳаво сақланиб туради. Бугун кундуз куни ҳарорат +28…+33 даража, эртага +30…+35 даража атрофида бўлади. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар бермоқда.
18 августдан эса салқин ҳаво массаси Ўзбекистон ҳудудидан чекина бошлайди ва унинг ўрнига Эрон ҳудудларидан нисбатан иссиқ об-ҳаво кириб келади.
Ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади ва ҳафтанинг охирига келиб, кечалари +18…+20 даражагача, кундуз кунлари +36…+38 даражагача кўтарилади.
Бундай ҳарорат август ойининг иккинчи ярми учун бўлган ўртача кўп йиллик қийматлардан +2…+3 даражага юқори бўлади. Бироқ шуни қайд этиш жоизки, ушбу даврда Ўзбекистон ҳудудида энг иссиқ йилларда ҳарорат +40…41 даражагача, жанубда эса +42…+44 даражагача кўтарилган.
Республика бўйича ҳафта давомида бироздан ўртачагача бўлган шамоллар билан қуруқ ва асосан кам булутли об-ҳаво сақланиб туради.
Фарғона водийси вилоятларининг айрим тоғли ҳудудларида фақат бугун кечқурун момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.