Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Қорақалпоғистон Республикасида июль бошида юз берган воқеаларни ўрганиш ва улар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича қўшма комиссияни тузди. Тегишли қарор жума куни бўлиб ўтган палаталарнинг қўшма йиғилишида қабул қилинди, деб хабар берди Сенат.

Қўшма мажлисда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Қорақалпоғистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласига доир мурожаати кўриб чиқилди.


Комиссия таркибига Олий Мажлис вакиллари ва халқ депутатлари, нодавлат нотижорат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ходимлари киритилди.

Комиссияга раҳбарлик қилиш омбудсман Феруза Эшматова зиммасига юклатилди.

«Ўтказилган текширув натижалари эълон қилинади ва Ўзбекистон жамоатчилиги ва жаҳон ҳамжамиятига етказилади», — дейилади хабарда.

Қарорга мувофиқ, комиссия:

  • инсон ҳуқуқлари, эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар ва ҳодисаларни чуқур ўрганиб чиқади;
  • шаффофликни таъминлаш мақсадида Комиссия фаолияти доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳужжатлаштирилишини, шу жумладан аудио-, фото- ва видео қайд этиш воситалари ёрдамида қайд этилишини ташкил этади;
  • ўрганиш натижалари бўйича якуний ахборот тайёрлаб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига тақдим этади.

Комиссия таркиби:


1−2 июль кунлари Нукусда оммавий намойишлар бўлиб ўтди. Бу Конституциянинг 70−75 моддаларига ўзгартириш киритишга қарши чиққан Қорақалпоғистон аҳолисининг якка ва жамоавий мурожаатлари ортидан содир бўлди. Расмийлар фуқароларнинг чиқишларига муносабат билдирмади, бироқ, республикада интернетга кириш чеклаб қўйилди.

Намойишлар тартибсизликларга уланиб кетди, бунинг оқибатида эса 18 киши ҳалок бўлди, 243 киши, шу жумладан, 38 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари жароҳатланди. 4 июль куни шифохоналарда 94 киши даволанаётгани ҳақида маълум қилинди, уларнинг орасида оғир жароҳат олганлар ҳам бор.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нукус воқеаларида иштирок этган барча томонлар ҳаракатига адолатли баҳо бериш кераклигини таъкидлади. Куч тузилмалари томонидан нотўғри куч ишлатилган бўлса, жиноий жавобгарлик таъминланиши айтилди.