2022/2023 ўқув йилида шу вақтгача тижорат банклари 27 897 нафар талабага 317 млрд сўмдан зиёд имтиёзли кредит ажратди. Марказий банк бошқарма бошлиғи ўринбосари Шоҳруҳ Эгамназаров «Халқаро пресс-клуб» кўрсатувида кредит олиш тизими ҳақида айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, берилган кредитнинг 242 млрд сўмини (76%) аёллар олган. Маълумот учун, президент қарорига кўра, олий ҳамда ўрта махсус ва профессионал таълимда таҳсил олувчи хотин-қизлар 7 йилга 14 фоизлик таълим кредити олиши мумкин. Бунда фоиз ставкаларини Молия вазирлигининг жамғармаси қоплаб беради. Хотин-қизлар эса асосий қарзни ўқишни тамомлагач, 7 йил давомида тўлайди.
Таълим кредитини олиш учун уч томонлама: талаба, ОТМ ва банк ўртасида шартнома тузилади. Пул кўчириш йўли орқали ОТМнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилади.
Бунинг учун қуйидаги 12 та банк Молия вазирлиги билан битим имзолаган:
- Микрокредит банк;
- Асака банк;
- Агробанк;
- Халқ банки;
- Ипотека банк;
- Қишлоқ қурилиш банк;
- Турон банк;
- Orient Finance банк;
- Миллий банк;
- Ўзсаноатқурилишбанк;
- Ҳамкорбанк;
- Алоқа банк.
Кредит олиш учун талаба шу банкларнинг бирортасига бориб шартнома тузиши ёки Марказий банкнинг talimkrediti.uz платформасида онлайн ариза топшириши мумкин.