Ўзбекистонда қишнинг биринчи ойи нисбатан совуқ ҳаво билан бошланади. Ўзгидромет 2022 йилнинг сўнгги декабрь ойида қандай об-ҳаво кузатилиши ҳақидаги прогнозларини маълум қилди.
Унга кўра, 1 декабрдан ҳароратнинг пасайиши бошланади ва 3−5 декабрга келиб республика ҳудудининг катта қисмида термометр устуни кечалари −4…−7, кундуз кунлари 0…+3 даражагача, баъзи жойларда −1…−2, шимолда кечалари −10…−13 даража, кундуз кунлари −4…−7 даражагача пасаяди.
Ҳатто республиканинг энг жанубий қисмида ҳам совуқ бўлади, ҳарорат кечалари 0…-2, кундуз кунлари +3…+6 даражагача тушади.
Совуқ об-ҳаво декабрь ойининг биринчи ўн кунлиги охиригача сақланиб туради.
Республика бўйича 5 декабргача қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. 5−10 декабрь кунлари даврида республиканинг марказий ва жануби-шарқий ҳудудлари бўйича айрим кунларда қор ёғиши мумкин.
Декабрь ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида меъёрий қийматларга яқин бўлган фонда ҳаво ҳарорати кечалари +2…+7 даража илиқдан −2…−7 даража совуққача, кундуз кунлари +10…+15 даражадан −2…+3 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда.
Ўтган 2021 йилнинг декабрь ойи охирги 20 йил ичида энг илиқ йил бўлганди. Ушбу давр учун 2002, 2011 ва 2020 йилларнинг декабрь ойлари эса энг совуқ бўлди.
Тошкентда сўнгги 20 йил ичида декабрь ойидаги энг илиқ кунларда ҳаво ҳарорати +20…+30 даражагача кўтарилган, энг совуқ даврларда эса ҳарорат кечалари −12…−15 даража совуқ бўлган.
Метеорологик кузатувларнинг барча даврлари (150 йилдан кўп) учун Тошкентда энг паст ҳарорат −20…−23 даражани ташкил этган, 1930 йилнинг декабрь ойида эса −27…−29 даражагача совуқ тушганди.