Ўзбекистонда аҳоли томонидан энергия тежамкорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 16 апрель куни қабул қилинган электр энергияси ва газ тарифларини ошириш тўғрисидаги қарорида келтириб ўтилган.

Энергетика вазирлиги икки ой муддатда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда ушбу дастурни ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун ҳукуматга тақдим этиши керак.

Шу муддатда ёқилғи-энергетика ресурсларидан нооқилона (ноқонуний) фойдаланганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкцияларни жорий этиш ҳамда газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ва талон-торож қилиш учун белгиланган тарифларга нисбатан оширувчи коэффициентни қўллаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳам топширилди.

2024 йилда «Ўзэнергоинспекция» томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ 1858 та маъмурий иш расмийлаштирилган. Уларнинг 247 таси электр ва иссиқлик энергиясини беҳуда сарфлаш бўйича аниқланган қоидабузарлик ҳисобланади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 100-моддасига кўра, электр ва иссиқлик энергиясини беҳуда сарфлаш мансабдор шахсларга БҲМнинг 5 бараваридан 15 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

Шавкат Мирзиёев 2023 йил октябрь ойида энергияни тежаш маданиятини ошириш зарурлигини таъкидлаганди.

Охирги марта аҳоли учун газ ва электр энергияси тарифлари 2019 йилнинг август ойида оширилган эди. Ҳукуматнинг 16 апрелдаги қарори билан 1 майдан энергоресурслар нархи оширилди, шунингдек, ижтимоий нормалар жорий этилди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг аниқлик киритишича, газ ва электр энергияси тарифлари оширилиши муносабати билан Ўзбекистонда 1,5 миллионга яқин эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатилади. Камбағаллик чегараси, пенсия ва нафақа миқдорини ошириш, иситиш мавсумида 270 минг сўм миқдорида бир марталик компенсация тўлаш кўзда тутилган.