Сурхондарё вилояти Бойсун туманида 21 апрель куни Damas ЙТҲга учраши оқибатида машина ичидаги 6 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати.

Ҳолат соат 17:30 атрофида Инкабод маҳалласидан ўтувчи Бойсун-Дуоба йўлининг 7-километрида содир бўлган. Damas ҳайдовчиси (1974 йилда туғилган) одам ташиш қоидаларига амал қилмай, 8 нафар йўловчи билан туман маркази томон ҳаракатланган. Бир неча километрлик тик баландликда пайти транспорт воситасининг тўхташ тизимида носозлик юзага келган.

Оқибатда йўлнинг хавфли бурилиш қисмига етиб келганда машина бошқаруви йўқотилган ва у яқин атрофдаги ҳовли уйнинг молхонасига бориб урилган. ЙТҲда машина салонида бўлган 3 нафар вояга етмаган бола ва 3 нафар аёл вафот этган. Ҳайдовчи эса оғир жароҳат билан туман шифохонасига ётқизилган.

Kun.uz`нинг манбаларига таяниб маълум қилишича, ҳалок бўлганлар орасида 14 ёшли бола ҳамда 8 ва 9 ёшли қизлар бўлган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.