Янги Тошкент Ўзбекистон пойтахти тараққиётида навбатдаги бобни бошлаб бермоқда. Давлат аппаратининг кўчирилиши «эски» Тошкентга юкламани камайтиради ва аҳолини жалб қилишнинг янги марказларини яратади. Бироқ шаҳарнинг икки қисмини бошқаришда ўзаро боғлиқ сиёсатнинг йўқлиги экология, транспорт ва жамоат инфратузилмаси учун фалокатли муаммоларга олиб келиши мумкин, дейилади IQ City Planning Tashkent ҳисоботида.

«Газета.uz» ушбу ҳисобот муаллифи, тижорий кўчмас мулк соҳасида фаолият юритувчи Commonwealth Partnership Uzbekistan халқаро консалтинг компанияси таҳлиллар бўлими раҳбари Алексей Летуновский билан суҳбатлашди. У Тошкент қандай ривожланиши мумкинлиги, янада аниқроқ прогноз қилиш учун шаҳар ҳақидаги қандай маълумотлар етишмаётгани ва бу маълумотлар шаҳарларнинг порлоқ истиқболи учун нега бу қадар зарурлиги хусусида сўз юритди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу суҳбатнинг биринчи қисмида «Газета.uz» CMWP Uzbekistan бош директори Денис Соколов билан бундай ҳисоботларнинг мақсади ва уларнинг шаҳар ривожланишига таъсири ҳақида суҳбатлашган эди.

— Алексей, салом! Марҳамат қилиб, бу ҳисобот устида ишлаш жараёни қандай кечгани ҳақида гапириб берсангиз?

— Жуда қийин. Ҳамма нарса маълумотларнинг ёпиқлигига бориб тақалади. Биз ишлаган Шарқий Европа, Россия, Марказий Осиё шаҳарлари (масалан, Олмаота)да шаҳар ҳақидаги ҳисоботларни тайёрлаш учун зарур бўлган очиқ маълумотларни топиш мумкин. Ушбу база мавжуд бўлмаган тақдирда, эски манбаларга мурожаат қилишни бошлайсиз.

Тошкент мисолида 1967 йилги бош режагача ўрганиб чиқдик. Бу, ҳеч бўлмаганда, шаҳарнинг зилзиладан кейин қайта қурилиши пайтида барпо этилган аслиятни акс эттирувчи охирги ҳужжат. Энг камида, менда шундай таассурот қолдирди. Эҳтимол, бундай эмасдир. Ишончим комилки, ҳокимиятда шаҳарни бошқариш учун зарур бўлган янги ишлаб чиқилган ҳужжатлар бор, лекин улар ёпиқ.

Шу сабабли Ўзбекистонда шаҳар ва кўчмас мулк билан боғлиқ барча ишлар ниҳоятда қийинлашади. Биз маълумотларни танлаб олишни, бозорга инсайтлар олиб киришни, янги нимадир айтишни хоҳладик, лекин бошлаб олиш учун ҳеч нарса бўлмаганида, буни қилиш деярли имконсиз.

commonwealth partnership, алексей летуновский, шаҳарсозлик, янги тошкент

Умуман олганда, менинг назаримда, биз бир неча йиллар олдин қилиниши керак бўлган тадқиқот устида ишладик. Мисол учун, аҳоли зичлиги харитаси деярли ҳар бир шаҳарда мавжуд, уни ҳар доим очиқ маълумотлар базасидан топиш мумкин. Ишончим комилки, уч миллионлик аҳолига эга бўлган Тошкентда ҳам [бундай харита] бор, лекин ёпиқ.

Бу шаҳарни тадқиқ қилишни қийинлаштиради. Эҳтимол, бу профессионал деформациядир, лекин мен бирор бир шаҳарга сафар қилишдан олдин, аҳоли зичлиги харитасини ва ҳудудий режалаштириш ҳужжатларини ўрганаман. Аҳолини жалб қилиш марказлари қаерда, ностандарт жойлар қаерда эканлигини мана шундай билиб оламан. Кўпгина сайёҳлар учун туристик бўлмаган жойлар қизиқ. Зичлик харитаси уларни аниқлаш имконини беради. Тошкентда бундай ҳудудлар қаерда эканлигини тушуниш жуда қийин.

Тошкент шаҳридаги қурилишларнинг катта қисми якка тартибдаги уй-жойлар ҳиссасига тўғри келиши бизни ҳайратда қолдирди. Ажабланарлиси шундаки, шаҳар марказидан 10−15 дақиқа масофада бундай кўчмас мулк турларига эга бўлиш мумкин. Чунки ривожланган шаҳарларда биноларнинг баландлиги ва аҳоли зичлиги марказдан шаҳар четига қараб пастлаб боради. Таъкидлаш жоизки, Москва бу борада истисно. Кўпгина совет шаҳарлари каби у ностандарт зичлик тақсимотига эга.

Якка тартибдаги уй-жойлар асосан шаҳарнинг ғарбий қисмида жойлашган. Бу ерда кўп қаватли уйлар жуда кам. Шаҳарнинг шарқи юқори зичликка эга марказ бўлиб, шаҳар марказидан қанчалик узоқда бўлса, қурилишлар шунчалик баланд бўлади. Бу зилзила хавфи билан ҳам боғлиқлиги тушунарли: шаҳарнинг айрим қисмлари кўп қаватли қурилиш учун қулайроқ, бошқалари эса мос келмайди.

commonwealth partnership, алексей летуновский, шаҳарсозлик, янги тошкент

Бироқ, Тошкентнинг ўсиш тарихи қизиқ. Одамлар бу ерга кўчиб кела бошлаганида, шаҳар кенгайиб, умуман ҳеч нарса бўлмаган бўм-бўш жойларда кўп қаватли бинолар қад кўтарган. Уй-жойлар асосий ижтимоий, транспорт ва савдо инфратузилмаси етарли бўлмаган шароитда ўсиб борган. Одамлар бир ҳудудда тунаб, бошқа жойда ўқиб, даволаниб, ишлаб, ҳордиқ чиқаришган.

Умид қиламизки, Янги Тошкент бу вазиятни мувозанатга келтиради, қарама-қаршилик яратади, шаҳар марказига камроқ одам қатнайди ва кўпроқ одамлар ўз ҳудудида меҳнат қилади.

— Тошкент қачондан бундай «15 дақиқада етиб олиш имконияти» ҳисобга олинмаган ҳолда қурила бошланган?

— Менимча, 90-йилларнинг бошидан бери. Рақамли ривожланиш департаментининг биноларнинг баландлиги ва ёшини кўрсатадиган харитасига кўра, «15 дақиқалик шаҳар» тамойилларидан айнан 90-йилларда узоқлаша бошланган. Чунки бўш ерларда қуриш энг осон ва улар чеккада жойлашган. Агар 12−14 қават қилиб қуриш мумкин бўлса, албатта қуришга ҳаракат қилишди, чунки бу қурувчи учун манфаатлироқ. Бироқ, айни пайтда бундай қурилишлар устидан назорат жуда кам бўлган.

«15 дақиқалик шаҳар» тамойиллари Чилонзор туманида озми-кўпми амал қилади. У ерда янги қурилишлар кам, асосан совет, лекин шунга қарамай, совет шаҳарсозлик қурилиши турар-жой қурилиши ва асосий ижтимоий инфратузилманинг моҳирона комбинациясини назарда тутган.

commonwealth partnership, алексей летуновский, шаҳарсозлик, янги тошкент

Шу нуқтаи назардан, назаримда, бугун Чилонзор тумани Тошкент шаҳрида яшаш учун энг қулай туманлардан бири. Чилонзорликлар бундай деб ҳисобламасликлари мумкин. Шунга қарамай, мактаблар, поликлиникалар, транспорт, шаҳар марказига кириш имконияти нуқтаи назаридан шундай деб ўйлайман — советча қурилиш услуби бу мувозанатни сақлаб қолган. Бироқ, шаҳар учун бу [мувозанат] қачонлардир йўқотиб бўлинган.

— Ҳисобот қилишингизни қийинлаштирган бундай маълумотлар танқислиги умуман шаҳар ривожига қандай таъсир қилади? Масалан, сизнингча, бу мансабдорлар учун ҳам ноқулайлик туғдирадими?

— Менимча, маълумотларнинг очиқлиги ва менда бу маълумотларнинг йўқлиги мансабдорлар учун шаҳарни ривожлантиришда ҳеч қандай тўсқинлик қилмайди. Менда йўқ харита мансабдорда бор, у ўз ишини қилади: қаерда қуриш мумкин ва қаерда мумкин эмаслигини айтиши мумкин, транспорт тармоғини ривожлантириш бўйича қарор қабул қилиши мумкин. Бироқ, маълумотларнинг ёпиқлиги — шаҳар учун жиддий камчилик.

commonwealth partnership, алексей летуновский, шаҳарсозлик, янги тошкент

Маълумотнинг очиқлиги фикрлар хилма-хиллигини таъминлайди. Улар ўз шаҳри учун нимадир қилишга тайёр бўлган учинчи томон муаллифлар, тадқиқотчилар, архитектура талабалари томонидан тузилиши мумкин. Улар қарор қабул қилувчиларга қандайдир тарзда таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қандайдир концепцияни ишлаб чиқишлари, ҳудудни ривожлантириш устида бош қотиришлари, илмий иш ёзишлари мумкин. Ҳозирда биз, биринчи навбатда, талабалар ва тадқиқотчиларнинг — ўша фаол фуқароларнинг ғояларини йўқотмоқдамиз. Агар улар бу маълумотга эга бўлганларида, ўз ишларини яхшироқ қилишлари мумкин бўларди. Бироқ, маълумотлар мавжуд эмас, шунинг учун сиёсат ҳам мумкин даражада хилма-хил эмас.

— Ҳисоботда айтилишича, Тошкентни мегаполисга айлантириш бўйича ҳукумат ўз олдига улкан мақсадларни қўйган, Янги Тошкент қурилиши ҳам шулар жумласидан. Сиз ҳозирги шаҳар сиёсати шаҳарни ривожлантиришнинг «кўп марказлилик» моделини яратишга қаратилганлиги ҳақида ёзгансиз. Бу қандай модел, қандай афзаллик ва камчиликларга эга?

— Шаҳарлар бир марказли ва кўп марказли бўлади. Биринчи ҳолда, шаҳар марказининг шаҳар чеккаси билан ўзаро алоқаси битта йўналишда кечади: одамлар шаҳар четида яшайди, иш, харид қилиш, хордиқ чиқариш учун марказга боради ва уйга қайтади. Бу ҳам сиёсий, ҳам тижорий ҳаёт жамланган битта марказ. Шаҳарни ривожлантиришнинг ушбу моделида шаҳар маркази фуқаролар ҳордиқ чиқариши ва ишлаши учун ягона жой, деган тасаввур ҳосил бўлади.

Ҳисоботда Янги Тошкент кўп марказлиликка асосланган ривожланиш моделини таклиф қилиши мумкинлигини айтиб ўтганмиз. Ҳозир Тошкентда ягона марказни кўряпман. Назаримда, Тошкентда тижорий ҳаётнинг асосий қисми, маъмурий идоралар, бизнес марказлари шартли равишда Ойбек метро бекатидан Минор метро бекатигача бўлган масофада жамланган.

Ҳатто аксарият болалар боғчалари ҳам, масалан, марказга яқинроқ жойлашган. Бир томондан, маҳалла ичида давлат боғчалари ва мактабларини ташкил этиш қийин эканлиги тушунарли, ваҳоланки биз тадқиқотда хусусий боғчаларни ҳам қамраб олишга ҳаракат қилдик. Бироқ, улар шаҳар чеккасида ҳам кўп эмас. Ҳаммаси марказга яқинроқ жойлашган. Бундан келиб чиқадики, ўз ҳудудингизда ишлаган тақдирингизда ҳам, болангизни боғчага олиб бориш учун марказга боришингиз керак бўлади. Бошқаларининг ривожланишига имкон бермайдиган ягона кучли марказ мавжуд бўлиши — мана шу бир марказга асосланган модел.

Шу билан бирга, Янги Тошкентда, маъмурий идоралар кўчирилган тақдирда, унга тенглаша оладиган марказларни ташкил этиш имконияти ҳам мавжуд. Бу бизнесни шакллантириш учун муҳим массани яратади. Айрим корхоналар ўз биноларини, масалан, давлат идораларига яқинроқ жойлаштиришга ҳаракат қилишади. Айтайлик, давлат идоралари билан мунтазам алоқада бўладиган, раҳбари доимий равишда маъмурий идораларга ташриф буюриб турадиган давлат корпорациялари ёки корхоналар. Уларнинг барчаси [давлат идоралари] яқинида офисларга эга бўлишга ҳаракат қилишади. Ва мана шу аснода бизнес учун тижорат маркази шаклланади.

Ушбу тузилмани кўриб чиқиб, ҳисоботга нималар киритилиши мумкинлиги устида бош қотирар эканмиз, кўп марказлилик, «15 дақиқалик шаҳар» ғояси Янги Тошкент сиёсатида ниҳоятда аниқ акс этиши керак, деган фикрга келдик. Бироқ, у «эски» шаҳар билан узвий боғлиқ бўлиши керак. Агар Янги Тошкентга «эски»сига қараганда камроқ маблағ ажратилса, ҳаммаси бир марказлилик моделига қайтади. Чекка ҳудуддагилар марказга қатнайди ва шундоғам ҳозирданоқ юзага келаётган транспорт муаммолари янада чуқурлашади. Биз ҳар 1000 аҳолига тўғри келадиган автомобиллар сонининг ўсишини моделлаштирдик ва шуни айтишимиз мумкинки, Тошкент ҳали тирбандликларда қотиб қолганича йўқ, юряпти.

Режага кўра, Янги Тошкентда 1 миллион, бошқа манбаларга кўра эса 2 миллион киши истиқомат қилади. Бироқ, қарор қабул қилувчилар билан мулоқотларимизга асосланиб, биз иккинчи рақамга таянамиз. Шунинг учун, ҳукумат қандай қарор қабул қилишидан қатъи назар, ўзгаришлар — зарур, акс ҳолда шаҳар [ривожланишдан] тўхтаб қолади.

— Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳаси тақдим этилганда Янги Тошкент 500 минг аҳолига мўлжалланганлиги айтилган эди. 2 миллион қаердан чиқди?

— Биз компания сифатида қарор қабул қилувчилар билан Янги Тошкент ва шаҳарни ривожлантириш юзасидан тез-тез мулоқот қиламиз. Бироқ, бу меъёрий расмиятчилик эмас. Эҳтимол, бу биз мулоқот қиладиган одамларнинг фикридир. Ҳисоботни биз энг ишончли деб билган гап-сўзларга таяниб тайёрладик.

Бош режа — бу рассомнинг тасаввури. Менинг тушунишимча, у қабул қилинган меъёрий ҳужжатлардан (МҲ) фарқ қилади, чунки МҲ ҳаммасини қонунчиликда белгилайди ва ўзгартиришлар киритиш анча қийинлашади.

Ҳозирда бош режа учта компания томонидан тайёрланмоқда ва ҳукумат ушбу лойиҳалардан бирини танлаб олади. Бу, айтайлик, бу ерда учта метро линияси, мана бу ерда трамвай ва турар жой массивлари қурилиши, бу ердан эса дарё оқиб ўтишини кўрсатадиган концепция ва уларга илова қилинган чиройли суратлардан иборат бўлади. Бироқ бу ҳукуматнинг амалдаги хатти-ҳаракатлари ва шаҳарни қандай ривожлантириши билан ҳеч қандай алоқага эга эмас. Кўпинча буни чалкаштириб юборишади. Ушбу бош режага мувофиқ, ғояларни алоҳида участкалар даражасида тартибга солиш учун меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши зарур.

commonwealth partnership, алексей летуновский, шаҳарсозлик, янги тошкент

Бизга маълум бўлишича, бош режанинг ҳар учаласи ҳам тайёр, улардан бири танлаб олинган. Бироқ, биздаги маълумотларга кўра, Янги Тошкентни қуриш бўйича режалар ҳали расман тасдиқдан ўтмаган. Биз транспорт инфратузилмаси, қурилишлар ва аҳоли сони қандай бўлишини аниқ айтиш учун ушбу ҳужжатни кутяпмиз. Чунки меъёрий ҳужжат бўлмаса, шаҳар қанча аҳолига мўлжалланганлиги ҳақида аниқ маълумот бўлиши мумкин эмас.

Расмийлар [ҳисоботимизни] ўқиши, 2 миллион деб ҳисоблаганимиз уларга ёқмаслиги мумкин. Ҳозир ҳаммаси миш-мишлар даражасида. Ҳеч бўлмаганда тавсифловчи ҳарактердаги — нима ва қайси кадастр участкасида ишлаб чиқиш режалаштирилганлиги ҳақидаги тафсилотларсиз — маълумотлар мавжуд бўлганида эди, миш-мишлардан қочиш мумкин бўларди. Миш-мишлар расмийларнинг ўзига зарар келтиради, ортиқча иш орттиради. Одамлар қаергадир янги йўл тушишини эшитсаю, унинг ўртасида уй жойлашган бўлса, ҳокимият норозилик оловини ўчириши, ҳаммаси ҳужжат бўйича амалга оширилаётганини айтиб, ўша ҳужжатни кўрсатишига тўғри келади. Лекин ҳужжат нима учун бошиданоқ ишлаб чиқилмайди?

— Бундай тасаввурдаги кўринишни ишлаб чиқиш учун ҳали вақт етарли эмас, деб ҳисоблайсизми?

— Аслини олганда, тасаввурдаги кўриниш 6−9 ой ичида ишлаб чиқилади. Менимча, расмийлар, инвесторлар кириб келиши учун, меъёрий ҳужжатлар барча участкалар даражасида тайёрланиши кераклигини яхши билишади.

— Ҳисоботда «трамвай» сўзини кўрмадим, ваҳоланки аввалроқ бу ҳақда айтиб ўтилганди. Метро бўлиши ва трамвай бўлмаслигини қаердан биласиз?

— Буларнинг барчаси биз энг ишончли деб ҳисоблаган шахсий суҳбатлардан олинган маълумотлар. Шунга асосланиб, ҳисоботда иккита метро линияси, аниқроғи, мавжуд [линия]ларнинг давомини кўрсатиб ўтганмиз. Трамвай эса боғловчи транспорт сифатида Янги Тошкентнинг ўзида ишга туширилмоқда. Ҳақиқатга энг яқини шу.

Шунга қарамай, тўртта метро линияси бўлади деган версия ҳам мавжуд. Фақат трамвай бўлади, деган версия ҳам мавжуд. Метрополитенга Янги Тошкентгача учта метро бекати қуриш бўйича кўрсатма берадиган меъёрий ҳужжат чиқмагунча, нима бўлишини аниқ билмаймиз.

Асосий муаммо мана шунда. Янги Тошкентнинг бош режаси тайёр бўлган тақдирда ҳам у тасаввурдаги кўринишлигича қолаверади. Бу аниқ содир бўладиган келажакни меъёрий жиҳатдан тартибга солиш дегани эмас.

— Янги Тошкент қурилса, аҳоли зичлиги маркази шарққа силжийди, деб ёзгансиз. Бу нимани англатади?

— Зичлик маркази — бу энг кўп аҳоли учун етиб олиш энг осон бўлган нуқта. Биз харитада иккита нуқтани оламиз, уларнинг ҳар бирига қанча одам машинада 10 дақиқада бора олиши мумкинлигини таққослаймиз. Айни пайтда зичлик маркази Амир Темур ҳайкали ёнида, шартли равишда Марказ-2 мавзесида жойлашган.

commonwealth partnership, алексей летуновский, шаҳарсозлик, янги тошкент

Янги Тошкент қурилгандан кейин [зичлик маркази] қанчага силжиши номаълум, чунки бунинг учун аҳоли сонини, Янги Тошкентда ким яшашини билиш керак. Зичлик марказининг силжиши янги субмарказларни ҳосил қилади. Аҳолининг юқори зичлиги туфайли уларда кучли савдо инфратузилмаси ривожланиши мумкин.

Бизнинг ишимиз кўпинча савдо ва бизнес марказлари концепциялари билан боғлиқ. Барча мижозлар етиб олиш энг осон бўлган биринчи даражали зонада — 10 дақиқалик ҳудудда ва иккинчи даражали зонада — 20 дақиқалик ҳудудда қанча одам яшаши; ташриф буюрувчилар оқими бўйича ушбу савдо марказининг салоҳияти қандай эканлигини сўрашади.

Шаҳарнинг шарқида аҳоли сони ўсиши жуда юқори эканлиги сабаб, энг кўп сонли одамлар бир нуқтадан бошқасига 10−15−20 дақиқада боради. Уни аниқлаш учун бизга биноларнинг зичлиги ва баландлиги бўйича маълумотлар керак. Умид қиламизки, Янги Тошкентни ривожлантириш бўйича маълумотлар янада кўпроқ очиқланади ва кейинги ҳисоботда ушбу марказни аниқлаш имконига эга бўламиз.

— Нега «етиб олиш» айнан автомобилда — жамоат транспортида эмас, велосипедда эмас?

— Чунки алгоритм шундай ишлайди. Мен бу саволга жавоб бера олмайман. Аслида, буни турли йўллар билан ҳисоблаш мумкин. Пиёда етиб олиш осонлигига асосланиб зичлик марказини ҳисоблаш мумкин. Бироқ жаҳон амалиётида бу, асосан, автомобиллар мисолида кўриб чиқилади.

commonwealth partnership, алексей летуновский, шаҳарсозлик, янги тошкент

Умуман олганда, XX аср ўрталаридан шаҳарсозлик автомобиль ихлосмандларига мосланган ҳолда шакллана бошлади. XIX асрда Бут (Чарльз Бут — инглиз социологи, урбанистика бўйича мутафаккир) ва бошқа тадқиқотчилар даврида шаклланган шаҳарсозлик бошқача эди. Бироқ Американинг шаҳарлар бўйича нуқтаи назари автомобиль социологияси ва унда ҳаракатланиш асосига қурилган.

Агар сўров бўлса, биз савдо марказига пиёда 15 дақиқада қанча аҳоли бора олишини ҳисоблаб чиқишимиз мумкин. Бироқ, кўчмас мулк ва шаҳарсозликда алгоритмнинг асосий созламалари айнан автомобилга мослаштирилган.

— Бугунги тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда, бу қараш ҳозир ўзгармаяптими?

— Назариялар жуда кўп. Зичлик маркази — бу биз таъсир ўтказолмайдиган воқелик. Шаҳарсозлик бизга вазиятнинг фаразларга асосланган тасаввурдаги кўринишини тасвирлаш имконини беради. Унга асосланиб амалдор сиёсатни шакллантириши мумкин. Агар у бирор нуқтага энг кўп сонли аҳоли 10 дақиқада етиб бора олиши мумкинлигини кўрса, у ерда минтақавий йирик шифохона қуриш ўзини оқлайди, чунки у энг кичик радиусда кўпроқ одамларни қамраб олади.

— Қайси дастурларда ишлайсиз?

— Мен QGISʼда ишлашни афзал кўраман. Бу шаҳардаги турли вазиятларни моделлаштириш имконини берувчи географик ахборот тизим.

— Транспорт, муҳандислик инфратузилмаси — канализация, сув таъминоти тизимлари учун турли вазиятларни моделлаштириш имконини берувчи тизимлар ҳақида эшитганман. Сиз нимани моделлаштирасиз?

— Биз, масалан, аҳоли зичлиги харитасини моделлаштирамиз. Ёки савдо маркази яқинида қанча аҳоли яшаётгани ёки яшашини ҳисоблаймиз.

— Бунинг учун сизга қандай маълумотлар керак?

— Биз Open Street Map маълумотларидан фойдаланамиз. Бу тизим турли полигонлардан очиқ маълумотларни олиш ва уларни исталган мамлакатнинг исталган шаҳри учун юклаб олиш имконини беради. Полигон — бу бинонинг, унинг пастки қават бўйлаб периметрининг юқоридан кўриниши.

NextGIS бор, унда Open Street Map маълумотлари аллақачон қайта ишланган ҳолатда бўлади. Чунки Open Street Map хариталари бутун дунё бўйлаб кўнгилли шаҳар аҳолиси томонидан яратилганлиги учун унда хатоликлар учраши мумкин.

NextGISʼда қурилишлар, автомобиль ва темир йўллари, яшил майдонларни акс эттирадиган асосий маълумотлар тўплами мавжуд. Шунингдек, автобус ва трамвай бекатлари, метро, дўконлар — асосан 2GIS ёки Yandex Mapsʼда бўлган ҳамма нарсани топиш мумкин.

commonwealth partnership, алексей летуновский, шаҳарсозлик, янги тошкент

Кўча савдоси бўйича ҳисобот тайёрлаганимизда, [NextGISʼнинг] тижорат инфратузилмаси, яъни дўконлар бўйича асосий тўпламдан фойдаланганмиз. Аввалига улар харитага қўйилади, шундан сўнг одамларимиз кўчаларни айланиб, мана шу дўкон бор ёки йўқлиги, [ўрнига] бошқа нарса очилганми, очилган бўлса, нима эканлигини текшириб кўришди. Шундай қилиб, биз реал воқелик харитасини яратамиз.

Open Street Map ва ҳатто NextGIS маълумотлари ҳар доим ҳам аниқ бўлмагани учун уларга аниқлик киритиш талаб этилади. Ваҳоланки, бу кўп жиҳатдан маълумотларнинг қай даражада очиқлигига боғлиқ. Айтайлик, Роттердам, Лондон ва Дубайда ишлаётган ҳамкасбларим асосий маълумотларнинг аниқ тўпламини юклаб олишлари ва уларга бемалол ишонишлари мумкин.

Европада бундай тўпламлар кўпроқ маълумотларни ўз ичига олади — 100−150 тоифагача. Женева бўйича ишлаганмизда, шунчалик кўп маълумот кўрганманки, бу даражада кўп маълумотни аввал сира кўрмагандим. У ерда барча турдаги маълумотлар йиғилган ва ҳаммаси очиқ. Тадқиқотчи қандай назарияни яратмоқчи бўлса, исталганини топа олади. Тошкент учун жуда примитив ҳисобот тайёрлаган бўлсак, Женевада одамлар, уларнинг хатти-ҳаракатлари, транспорт фаолияти ва умуман давлат сиёсати қандай шаклланаётгани ҳақида фаразларни шакллантиришимиз мумкин эди.

commonwealth partnership, алексей летуновский, шаҳарсозлик, янги тошкент

Яъни, кўпроқ фикрлар шаклланиши мумкин. Буларнинг барчаси муҳокама қилиниши кераклиги аниқ ва шаҳарсозлар учун ушбу фикрларни муҳокама қилиш имконини берадиган идоралар ёки платформалар зарур.

Адашмасам, бундай ташкилот шакллана бошлади. Бу маҳаллий архитекторлар томонидан яратилган «Шаҳарсозлик тўлқини». Бу ўз фикр-мулоҳазаларингизни баҳам кўришингиз мумкин бўлган мунозара майдони. Бу жуда муҳим. Бу фикрларнинг шаклланишида эса маълумотларнинг очиқлиги муҳим.

Фикрлар шаҳарга зарар етказмайди, улар фақат фойда келтиради. Чунки хилма-хиллик ва фикрлар хилма-хиллиги мавжуд бўлганда, шаҳарни бошқариш бўйича давлат сиёсати ёки муниципал сиёсатни ҳар доимгидан кўра аниқроқ шакллантириш мумкин.

Очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда ҳатто, шаҳар тақдирига бефарқ бўлмаган талаба, кейинчалик шаҳар сиёсати даражасида муҳокама қилиниши мумкин бўлган қизиқарли натижаларга эришиши мумкин. Ва бундай очиқ маълумотлар тўпламлари қанчалик кўп бўлса, шунча яхши.

«Тоза» маълумотлар ҳеч қаерда йўқ. Качондир мутлақо тасдиқланган маълумотлар берилади, деб ўйламаслик керак. Муайян маълумотлар тўпламини нашр қилишни тақиқловчи қонунлар ҳар доим ва ҳамма жойда бўлган. Бу миллий хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш нуқтаи назаридан тўғри бўлиши мумкин. Биз бу масалада баҳслашмаймиз.

Бироқ, ривожланиш ва хавфсизликка ҳеч қандай [салбий] таъсир кўрсатмайдиган маълумотлар тўпламлари мавжуд. Уларнинг жамоат мулки бўлишини, биз уларни йиғиш учун бунчалик кўп вақт ва куч сарфламаслигини истардим.

Илгари Россияда ишлаган вақтимда, бу ҳақда бир ҳазил бор эди. «Америкада GIS таҳлилчиси алгоритмлар билан ишлашни ва улар қандай ишлашини ўрганади. Россияда эса GIS таҳлилчиси — бу маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва тозалашни ўрганадиган одам, шундан сўнггина у бошқа бир ақлли одам ёзган алгоритмдан фойдаланади».

— Сизнингча, бу ҳисоботлар нима учун керак?

— Шаҳарни фундаментал даражада тушуниш учун. Инвестицион таҳлилчи қайси шаҳар ва мамлакатга инвестиция киритишни танлар экан, дастлаб чуқур маълумотларга қарамайди. Биринчи қатлам — бу рейтинглар. Рейтингларни очди, қайсидир мамлакатни кўрди, уни батафсилроқ кўриб чиқишни хоҳлади ва чуқурроқ изланиб, маълумотни саралашни бошлади.

Бироқ, агар бизда шаҳарда нима содир бўлаётгани, бу нима учун ва нимаси билан инвесторни қизиқтириши мумкинлиги, қандай хавф ва муаммолар мавжуд эканлиги ҳақидаги асосий маълумотларнинг оммага очиқ юқори қатлами бўлмаса, ривожланиш мумкин бўлганидан секинроқ кечади.

Биз ҳисоботларимизни инвесторлар учун инглиз тилига, фуқаролар учун эса ўзбек тилига таржима қиламиз. Уларни рус тилида ёзамиз. Шундай қилиб, дунёнинг бир қисмини, Тошкент ҳақида билишлари учун, мана шундай қамраб оламиз. Менимча, бу ажойиб. Бу эса инвестор учун бирламчи маълумотлар билан танишиш, шаҳарни янада чуқурроқ ўрганиш учун унда қизиқиш уйғотиш, потенциал резидент учун эса қулай ҳаракатланиш имконини беради.