Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Пайариқ туманида мактаб ўқувчиси ўзига бегона хонадонда доимий тазйиқ остида яшаши ҳақида хабарлар тарқалди. Болалар омбудсмани мазкур ҳолатни ўз назоратига олганини маълум қилди.

Тармоқдаги хабарда айтилишича, У.Ф. исмли қиз (2009 йилда туғилган, 7-синф ўқувчиси) асраб олинган, аммо у мактаб директорининг уйида яшайди — ўгай онаси директорнинг ўғли ва келинига 150 доллар бериб, қизни ташлаб кетган.

Омбудсман 19 апрель куни қизча мактабга қўли кўкарган ҳолда келганини ёзди. Бундан хабар топган қизнинг синфдошлари бу ҳақда инглиз тили ўқитувчисига айтган, аммо у болага нисбатан содир этилган зўравонлик юзасидан тегишли равишда хабар бермаган ва бу борада чора кўрмаган, дейилади хабарда.

Ҳозирда Пайариқ тумани ИИБ томонидан ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Вазият комплекс равишда туман прокуратураси, мактаб инспектор-психологи ва туманнинг «Инсон» ижтимоий ҳимоя маркази ходимлари томонидан ўрганилмоқда.