Апрель ойи ўрталарида Туркиянинг Истанбул шаҳрида Ўзбекистон фуқароси вафот этди, деб хабар бермоқда мамлакатнинг Истанбулдаги бош консулхонаси.

Самарқандлик фуқаро Р.К. (1971 йилда туғилган) Султанбейли туманида вақтинча яшаб, иш фаолиятида бўлган. У иш жойида зинадан йиқилиб тушиб, ҳушини йўқотган ва воқеа жойида вафот этган.

Консулхонанинг ёзишича, ҳозирда унинг жасади касалхонанинг морг бўлимида. Ташкилот марҳумнинг қариндошлари ва танишларидан зудлик билан (+212) 323 20 37, (+212) 323 20 36 телефон рақамларига мурожаат қилишни сўради.

Аввалроқ Истанбул вилоятида Instagram учун видео олмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароси 22 ёшли ватандошини отиб қўйганди. У бош қисмидан олган жароҳати сабаб вафот этган.