Самарқанд вилояти Иштихон туманида 13,1 минг куб мармарни ноқонуний қазиб олиш ҳолати аниқланди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Департаментнинг Иштихон бўлими томонидан S. акциядорлик жамияти масъул шахсларига нисбатан терговга қадар текширув ўтказилган. Аниқланишича, улар Зарбанд мармар конининг кон ажратмаси бўйича белгиланган чегарасидан ташқарида ўзбошимчалик билан мармар қазиб олган. Бунинг ортидан табиий объектларга 5,1 миллиард сўм зарар етган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 192−11-моддаси (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 229-моддаси (Ўзбошимчалик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ департамент қалбаки долларлар муомалага киритилишининг олдини олгани, Никарагуага жўнатиш учун 35 минг доллар олганларни ушлагани, электрдан ноқонуний фойдаланган майнинг фермани аниқлагани ҳақида ёзгандик.