26 апрель куни Тошкент шаҳри ҳокимлигида ўтган матбуот анжуманидан сўнг журналистлар пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқовга шаҳарсозлик ва экологияга оид қатор саволлар билан мурожаат қилди.

Ҳоким «Газета.uz» мухбирининг «Тошкент экологияси сизни хавотирга соладими?» деган саволга жавоб бераркан, пойтахтдаги экологик вазиятдан хавотирда эканини таъкидлади.

«Хавотирга солгани учун 75 гектар майдонда истироҳат боғлари ташкил қилдик, ҳозир яна 25 гектарда яшил ҳудудлар барпо этяпмиз. Ҳозир ҳар бир қурувчига ҳар 50 квадрат метрга битта дарахт ва иккита бута экишини мажбур қилиб қўйдим. [Дарахтларнинг] қалинлиги ҳам, баландлиги ҳам, нави ҳам инобатга олинган», — деди ҳоким.

У ОАВ билан мулоқотда, шунингдек, Қодирий ва Дўстлик боғларининг ижарага берилишини изоҳлади ва боғларга давлат менежер бўлмаслиги кераклигини айтди. «Бутун дунёда шунақа. Яшил ҳудуднинг квадрат метрини сақлаш 20−50 доллар туради — бу давлат бюджети учун катта юк», — деди ҳоким.

Аввалроқ «Адолат» партияси ҳокимликни боғларни ижарага бериш каби муҳим қарорларни қабул қилишдан олдин жамоатчилик фикрини ўрганиб, инобатга олишга чақирган эди. Мақола «Парклар халқники бўлиши керак!» деб номланган. Ўзбекистон Экологик партияси ҳокимликка сўров юбориш режасини маълум қилганди.