27 апрель куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз фуқароларига зарурат бўлмаса, Россияга саёҳат қилмасликни тавсия қилди.

Вазирлик сайтида эълон қилинган шошилинч тавсияномага кўра, республика фуқаролари «ўта зарурат бўлмаса, Россия ҳудудига барча турдаги транспортларда саёҳат қилишдан вақтинча тийилиш»га чақирилди.

Бир кун аввал Тожикистон ТИВ сўнгги бир неча ҳафта ичида фуқароларнинг Россияга киришига оммавий тўсқинлик қилинаётгани ҳақида хабар берган. Вазирлик Россиянинг республикадаги элчиси Семён Григоревга Россияга киришни асоссиз рад этиш ҳолатлари юзасидан хавотир билдирган.

«Азия-Плюс» хабарига кўра, 22 апрелдан буён Оренбург вилоятидаги Қозоғистон-Россия чегарасида 180 га яқин Тожикистон давлат рақамларига эга автомобиллар навбатда туриб қолган. Нашрнинг ёзишича, тожикистонликларга фақат телефонлари текширилиб, сўроқ қилингандан сўнг чегарадан ўтишга рухсат берилган.

Эслатиб ўтамиз, Москва яқинидаги «Крокус сити ҳолл» концерт залида юз берган терактда Тожикистондан келган мигрантлар айбланганидан кейин Россияда чет эл фуқароларига нисбатан оммавий текширувлар бошланган эди.

Хусусан, ушбу ҳодиса фонида Россияда муҳожирларга қарши чоралар, хусусан, виза режимини жорий этиш, ҳуқуқбузарлик учун депортация қилиш ҳамда патентлар бўйича чекловлар муҳокамаси авж олган.

Аввалроқ Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Мухриддин Минскда бўлиб ўтган МДҲ ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида «Крокус»даги терактда гумонланаётганларнинг қийноққа солинишини қоралаганди.