29 апрель куни Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга хорижий эксперт ва инвесторлар иштирокида камёб металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича 500 млн долларлик истиқболли лойиҳалар дастурини шакллантиришни топширди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Унда давлат раҳбари муҳим хомашё — литий, графит, индий, ванадий, ренийнинг мавжуд конларини ўзлаштириш ва янги конларни очишни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Йиғилишда, шунингдек, Ўзбекистонда илгари мавжуд бўлмаган кукунли металлургия саноатида 300 млн долларлик, асбоб-ускуналар ва бутловчи қисмлар соҳасида йилига 100 млн долларлик маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этиш режалари ҳам муҳокама қилинди.

«Яқинда Европа Иттифоқи билан муҳим минераллар бўйича эришилган келишув бу борада катта бозор очади», — дейилади йиғилишда.

Президент, шунингдек, Навоий кон-металлургия комбинатида ишлаб чиқариш таннархини 10−15 фоизга пасайтириш, саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришни кенгайтириш бўйича топшириқлар берди. Қимматбаҳо металлар бўйича илғор технологиялар илмий марказини ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойи бошида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида муҳим хомашё соҳасида барқарор қиймат занжирларини ривожлантириш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланганди. Бу Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноатини ривожлантиришга ёрдам беради ҳамда ЕИга мис ва молибден каби фойдали қазилмаларга йўл очиш имкониятини яратади.