Ўзбекистонда кўп квартирали уйларда умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш ҳамда кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш учун мажбурий бадаллар ёки тўловларнинг энг кам миқдорлари белгиланди. Бу қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ботир Зокировнинг 15 апрелдаги буйруғида келтириб ўтилган.

Энг кам мажбурий бадалларни жорий этиш президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 23 августдаги (ПҚ-278) қарорида кўзда тутилган.

Тўловлар бинодаги қаватлар сонига боғлиқ. Масалан, Тошкент шаҳрида коммуникациялари мавжуд бўлган икки қаватли уйлар учун тариф 1 кв метр учун 1147−1149 сўм, 3 қаватли бинолар учун 1303−1305 сўм, 4 қаватли бинолар учун 1514−1518 сўм, лифтсиз 5 қаватли бинолар учун 1512−1514 сўм, лифтли 6 қаватли бинолар учун 1110 сўм, 7 қаватли бинолар учун 1703−1709 сўм, 8 қаватли учун 1701−1707 сўм, 9 қаватли учун 1700−1706 сўм, 10 қаватдан бошланган бинолар учун эса 1828−1830 сўмни ташкил этади.

Самарқанд вилоятида энг кам мажбурий тўловлар 1018 сўмдан 1712 сўмгача, Тошкент вилоятида 996 сўмдан 1707 сўмгача ўзгариб туради. Бошқа ҳудудлар учун суммалар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг буйруғида (PDF) кўрсатилган.

Тошкент шаҳри учун уй-жойни сақлашнинг минимал тўловлари

кўп квартирали уйлар, мажбурий тўловлар

Аввалроқ қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги «Менинг уйим» биллинг тизимида ҳисоб-китобларда юзага келиши мумкин бўлган чалкашликларга йўл қўймаслик учун 2024 йил 1 майдан бошлаб энг кам тарифни қўллаш тавсия этилишини тушунтирган эди.

Мазкур буйруқ ижроси доирасида вазирлик томонидан 2025 йилгача қўшимча таҳлиллар ўтказилади ва зарурат туғилганда келгуси йилда янги минимал тариф белгиланади.

Вазирлик томонидан тасдиқланган тарифни белгилашда бошқарув органига кўрсатилиши шарт бўлган минимал ишлар ва хизматлар рўйхати 3501-сон буйруғида белгиланган. Улар орасида кўп қаватли уйлардаги ижтимоий объектларни электр энергияси билан таъминлаш, лифт ускуналарини техник назорат қилиш (ихтисослашган хизмат кўрсатувчи ташкилот билан шартномалар тузилган ҳолларда), фасад ва кириш йўлакларини талаб даражасида сақлаш ва таъмирлаш (уйга кириш йўлаги эшик ва деворларини таъмирлаш, суваш, бўяш), ертўлада ўрнатилган ичимлик суви насосларини техник соз ҳолда бўлишини таъминлаш (қурилишда сув насосларини ўрнатиш лойиҳалаштирилмаган кўп квартирали уйлар бундан мустасно), уйларнинг том қисми гидроизоляция қатламини тиклаш ва ямаш, ертўладаги коммуникация тармоқлари, шахталардаги коммуникация тармоқлари, электр энергияси тармоқларини соз ҳолда сақлаш ва жорий таъмирлаш (бўяш, оқлаш, ямаш, умумий фойдаланишдаги электр кабелларини алмаштириш, тик ва ётиқ қувурларни, ичимлик суви қувурларини таъмирлаш ва бошқалар), новларни соз ҳолатда сақлаш ва уларни доимий тозалаш ва ҳ.к. (жами 16 та) кабилар киради.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда ҳам Ўзбекистонда минимал уй-жойни сақлаш тўловлари жорий қилинган ва кейин бекор қилинган эди.