UzAuto Motors компаниясининг 2024 йилнинг биринчи чорагидаги соф фойдаси 1,29 триллион сўмга етди, бу ҳақда компаниянинг ягона корпоратив ахборот порталидаги молиявий ҳисоботида маълум қилинди.

Бу ўтган йилнинг январь-март ойларидаги кўрсаткичдан (272,6 миллиард) 4,7 баробар, 2022 йилнинг биринчи чорагидагидан (460,5 миллиард) 2,8 баробар кўпдир.

Даромад 8,89 триллион сўмдан 11,69 триллион сўмгача (+31,4 фоиз), маҳсулот таннархи 7,7 триллион сўмдан 9,3 триллион сўмгача (+20,8 фоиз) ошди.

Шу билан бирга, компаниянинг ялпи фойдаси 2,38 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилги кўрсаткичдан икки бараварга (1,19 триллион) ўсди, харажатлар эса 2 фоизга ошиб, 1,05 триллион сўмни ташкил этди.

2023 йилда UzAuto Motors 4,85 миллиард долларлик 369,99 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш билан Ўзбекистон автомобиль бозоридаги 81 фоиз улушни эгаллади. ADM Jizzakh 5,5 фоиз улушни олган бўлса, қолган қисми импортга, жумладан, 291 миллион долларлик 8948 та BYD автомашинаси импортига тўғри келди.

2024 йилнинг дастлабки уч ойида Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқариш 91 мингтага ёки бир ярим баробарга ошди.