Ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусатторов TePe Sigeman Chess Tournament 2024 турнирида ғолиб бўлди.
У асосий даврада 4,5 очко тўплаб, Аржун Эригайси (Ҳиндистон, FIDE рейтинги — 8, Эло балли — 2761) ҳамда Пётр Свидлер (Россия, 45, 2689) билан бир хил очко жамғарган ҳолда пешқадам бўлди.
Шундан сўнг уч шахматчи ўртасида тай-брейк баҳслари ўтказилди. Нодирбек Абдусатторов иккала ўйинда ҳам рақибларини мағлуб этди ва мусобақа чемпионлигини қўлга киритди.
Абдусатторов мусобақа бошидаги омадсиз старт эвазига FIDE онлайн рейтингида 8-поғонага тушиб қолганди, лекин 3 та ғалабадан сўнг йўқотилган рейтингларини тиклаб, яна топ-5 ликка қайтди.
TePe Sigeman Chess Tournament мусобақаси ҳар йили Швециянинг Мальмё шаҳрида бўлиб ўтади. Шахматчилар саккиз ўйинчидан иборат битта давра тизимида рақобатлашади. Вақт назорати — 40 та юриш учун 90 дақиқа, ўйиннинг қолган қисмида яна 30 дақиқа ва ҳар бир ҳаракат учун 30 секунд қўшимча.