Европа иқлим хизмати Copernicus ҳисоботига кўра, 2024 йил апрели бутун дунё бўйлаб кузатувлар тарихидаги энг иссиқ апрель ойи бўлди, метеорологлар кетма-кет 11-ой ҳарорат рекордини қайд этди.

Copernicus`нинг маълум қилишича, апрель ойида сайёра юзасида ўртача ҳарорат Цельсий бўйича 15,03 даражани ташкил қилган — бу 2016 йил апрелида ўрнатилган аввалги максимал кўрсаткичдан 0,14 даражага юқори.

Охирги 12 ой давомида (2023 йил май — 2024 йил апрель) глобал ўртача ҳарорат ҳам тарихдаги энг юқори кўрсаткичга чиқди. Бу 1850−1900 йиллардаги саноатгача бўлган даврга нисбатан 1,61 даража юқори бўлди.

Шарқий Европа, Шимолий Американинг бир қисми, Гренландия, Шарқий Осиё, Шимолий-Ғарбий Яқин Шарқ, Жанубий Американинг бир қисми ва Африканинг катта қисмида ўртача ҳароратдан юқори ҳарорат кузатилди.

«Эль-Ниньо каби табиий цикллар билан боғлиқ бўлган ҳарорат ўзгаришлари келиб-кетиб турса-да, иссиқхона газлари концентрациясининг ортиши туфайли океан ва атмосферага қопланган қўшимча энергия глобал ҳароратни янги рекордларга кўтаришда давом этади», — деди Copernicus директори Карло Буонтемпо.

2024 йилнинг январь, февраль ва март ойлари ҳам кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ойлар сифатида тан олинган. Олимларнинг фикрича, жорий йил 2023 йилдаги рекорд йилдан ҳам иссиқроқ бўлиши мумкин.

Ўзгидрометнинг хабар беришича, ўтган апрель ойи Ўзбекистонда ҳам иқлимий кўрсаткичлардан иссиқроқ бўлган. Ҳавонинг ўртача ойлик ҳарорати республиканинг аксарият ҳудудларида 1−2 даража илиқ, Қорақалпоғистон, Хоразм вилояти ва чўл зонасида меъёрдан 3−5 даража юқори бўлган.