Сешанбадан бошлаб ҳаво ҳарорати яна кўтарила бошлайди, деб хабар бермоқда Ўзгидромет матбуот хизмати.

Душанба куни Ўзбекистон ҳудуди бўйича бироз иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, ҳаво ҳарорати +32…+37, шимолда, жанубда +40 даражагача бўлади.

Текислик ҳудудларнинг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, фақат Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларининг айрим жойларида куннинг иккинчи ярмида бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Сешанбадан то иш ҳафтасининг охиригача кечалари +20…+25, баъзи жойларда +27 даражагача, кундуз кунлари +35…+40 атрофида, жанубда ва чўл ҳудудларда +42−43 даражагача бўлади.

Ушбу кунларда ёғингарчилик кутилмайди.

Шарқий йўналишдаги шамол 7−12 м/с тезликда эсади, 24 ва 27−28 июнь кунлари баъзи жойларда 15−20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларда 24 июнда кундуз куни баъзи жойларда қисқа муддатли момақалдироқли ёмғир ёғади, сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Пойтахтда бугун куннинг иккинчи ярмида бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат +34…+36 даража иссиқ бўлади. Куннинг иккинчи ярмида баъзи жойларда шамол тезлиги 10−12 м/с гача кучайиши, чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

25−28 июнда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат асосан кечалари +20…+25, кундузи 25 июнда +35…+37, 26−28 июнда +37…+40 даража иссиқ бўлади.

Шамол шарқдан 3−8 м/с тезликда эсади, 28 июнда баъзи жойларда 12−14 м/с гача кучайиши, чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.