Жума ва дам олиш кунлари Ўзбекистон ҳудудига кечаги кунга нисбатан бироз салқин ҳаво масалари кириб келади, деб хабар берди Ўзгидромет.

Гап шундаки, 27 июнь, пайшанба июнь ойининг ўтган даври учун энг иссиқ кун бўлди. Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ҳаво ҳарорати кундузи +39…+42 даражага етди, чўл ҳудудларда ва Сурхондарё вилоятида баъзи жойларда +43 даражагача бўлди.

Энди эса республика бўйича иссиқ ҳароратнинг бироз пасайиши кутилмоқда. Дам олиш кунлари ҳарорат +34…+39 даража, республика шимолида +30…+35 даража атрофида бўлади. Фақат энг чекка жанубда ҳаво ҳарорати +40…+42 даража атрофида бўлиши сақланиб туради.

Текислик ҳудудларнинг катта қисмида ушбу кунларда ёғингарчилик кутилмайди. Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида 28−30 июнь кунлари баъзи жойларда қисқа муддатли момақалдироқли ёмғир ёғади.

Шарқий йўналишдаги шамол 7−12 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 15−20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

Пойтахтда 28 июнда бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. 29−30 июнь кунлари ёғингарчилик кутилмайди.

Эртага кундузги ҳарорат +36…+38 даража, якшанба куни +34…+36 даража, кечалари +24…+26 даража бўлади. Шамол шарқдан 3−8 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 12−14 м/с гача кучайиши, чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.