XXI асрда кўпгина июнь ойлари каби бу йилнинг июни ҳам иссиқ бўлиб, ўртача ойлик ҳарорат меъёрдан 1−2,5 даражага кўп бўлди, дея хабар бермоқда Ўзгидромет агентлиги.

Синоптикларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида 2024 йил июнь ойи барча кузатув йиллари учун энг иссиқ июнь ойлари бешлигига кирди. Тошкентда ўтган июнь ойи 2021 ва 2023 йилларнинг июнларидан сўнг учинчи ўринни эгаллади, улар меъёрдан 2,8−3,2 даражага иссиқроқ бўлганди.

Ой давомида ҳарорат фони деярли текис бўлиши қайд этилди. Республиканинг катта қисмида июнь ойида максимал ҳарорат асосан +32…+37, жанубда ва чўл ҳудудларда +36…+41 даража атрофида бўлди.

Энг иссиқ об-ҳаво 27−28 июнкунлари кузатилди. Ушбу кунларда ҳарорат +39…+41 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +42…+43 даражагача кўтарилди. Бу июнь ойи учун энг юқори ҳарорат қийматлари эмас.

Инфографика: Ўзгидромет.Инфографика: Ўзгидромет.

Июнь ойидаги максимал ҳаво ҳарорати рекордлари +42…+44 даражани, жанубда ва чўл ҳудудларда +45…+47 даражани ташкил этади. Хусусан, Тошкентда 154 йиллик метеорологик кузатувлар учун 1914 йил июнь ойининг мутлақ максимал ҳарорати +43,0 даража бўлган.

Таъкидланишича, кўпинча ёз фаслида кузатилгани каби 2024 йил июнь ойида ёғингарчилик жуда нотекис бўлди. Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ўтган июнь ойи экстремал қуруқ ой деб тавсифланиши мумкин. Ой давомида ёғингарчилик миқдори 0,0−4 мм ни, айрим жойларда 6−11 мм гачани ташкил этди.

Фақат Андижон, Фарғона вилоятларида ва Қорақалпоғистоннинг шимолида ёмғир ёғиши жадалроқ бўлди. Ой давомида ёғингарчилик миқдори баъзи жойларда 15−22 мм га етди. Ёмғир жуда камдан-кам ҳолларда ёғди (ойида 1−3 кун) ва қисқа муддатли характерга эга бўлди.

Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида қисқа муддатли ёмғирлар тез-тез кузатилди ва айрим кунларда ёмғир кучли — бир неча соат ичида 10−20 мм гача бўлди. Бир ой давомида ёғингарчиликнинг умумий миқдори 25−35 мм га етди, Фарғона вилояти тоғларида ва Тошкент, Қашқадарё вилоятларининг баланд тоғли ҳудудларида 60−100 мм гача бўлиши кузатилди.

Жадвал: Ўзгидромет.Жадвал: Ўзгидромет.

Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган, Фарғона вилоятларининг айрим тоғ олди ва тоғли ҳудудларида жала ёмғирлар ҳисобига сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келди.

Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача эсди, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Қашқадарё вилоятларининг айрим жйларида шамолнинг кучайиши 22−25 м/с га етди. Республика шимолида, жанубида ва чўл ҳудудларида шамолнинг кўчайиши чангли бўронлар билан қайд этилди, кўринувчанлик 1000 метргача ёмонлашди, дейилади ҳисоботда.