Ўзбекистонда сешанбадан ҳаво ҳарорати кўтарила бошлайди ва иш ҳафтасининг охиригача +35…+39 даража атрофида, жанубда +42 даражагача бўлади. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.

Душанба куни кундузи ёз фаслининг ўртаси учун +32…+35 даража, жанубда ва чўл ҳудудларда +38…+40 даражагача бўлган қулай ҳарорат кузатилади. Республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, фақат Тошкент, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва Фарғона водийси вилоятларида айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Бутун иш ҳафтаси давомида ёмғир ёғиши кутилмаяпти. Шамол 7−12 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 13−18 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

Республиканинг тоғли ҳудудларида 8−12 июль кунлари баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

8−9 июлда Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилотларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Пойтахтда душанбада қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши, шамол 12−14 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат +33…+35 даража бўлади. 9−12 июль кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат +35…+38 даража бўлади.