Ўзгидромет синоптиклари август ойига об-ҳаво маълумотларини тайёрлади. Август ойида Ўзбекистонда ҳарорат фони одатда аста-секин пасайишни бошлайди. Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб август ойининг ўртача ойлик ҳарорати июль ойига нисбатан 1,5−2,5 даражага паст.

Август ойидаги мутлақ ҳарорат максималлари ҳам июлдаги максималлардан паст. Шундай қилиб, Тошкентда метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун энг юқори ҳаво ҳарорати июлда — +44,6 даража (бу ҳарорат 1997 йилда қайд этилган), августда эса 43,1 даражани (1944 йил) ташкил қилади.

Охирги 10 йил ичида август ойидаги энг юқори ҳарорат — +41,8 даража 2019 йилда кузатилган. Республиканинг энг чекка жанубида, Термизда энг юқори ҳарорат июлда +48,6 даража (1914), августда эса +46,3 даражани (1947) ташкил этади.

Август ойи иқлим хусусиятлари жиҳатдан июль каби иссиқ бўлмаса-да, ҳали ҳам жуда иссиқ ой.

Август ойида кундузи ҳаво ҳарорати аксарият ҳудудларда +33…+38 даража, жанубий ва чўл зонасида +37…+42 даража иссиқ бўлади. Иссиқ ҳавонинг энг юқори чўққисида айрим кунларда ҳаво ҳарорати +40…+42, жанубий ва чўл зонасида эса баъзи жойларда +43…+45 даражагача кўтарилади.

Бироқ август ойининг иккинчи ярмида кузнинг яқинлашаётгани сезилади. Салқин ҳавонинг кириб келиши сони ортади. +40 даража ва ундан юқори ҳароратли кунлар сони июлга нисбатан сезиларли даражада камаяди.

Август ойидаги ҳаво ҳарорати Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида ҳеч қачон +40 даражадан ошмаган, фақат шимолий, жанубий ва чўл зоналарида айрим кунларда ҳаво +41…+43 даражагача қизиб кетган йиллар бўлган. Сўнгги йилларда бундай август 2020, 2021 ва 2022 йилларда кузатилди

Тоғ тизмаларига яқинроқ жойлашган ҳудудларда, узоқ муддатли кузатувларга кўра, август ойида ҳарорат деярли ҳеч қачон +40 даражага кўтарилмаган.

Баъзи йилларда август ойида салқин ҳавонинг кириб келиши Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб кундузи ҳароратни +25…+30 даражагача, баъзан эса ундан ҳам пастроқ — +20…+25 даражагача туширган (бу ҳолат 2020 ва 2023 йилларда август ойининг охирида бўлган).

Ўзбекистонда август йилнинг энг қуруқ ойи ҳисобланади. Август ойида ёғингарчилик жуда кам учрайди — ҳудуднинг кўп қисмида ўртача бир кундан уч кунгача кам ёғади ва ўртача ойлик ёғин миқдори 1−2 мм дан, Фарғона водийсида 3−5 мм дан ошмайди.

Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда тез-тез ёғингарчилик бўлиб, ўртача ойлик ёғингарчилик миқдори баъзи жойларда 12−15 мм, Фарғона вилояти тоғлари ва Тошкент вилоятининг баланд тоғларида 20−22 мм ни ташкил этади.

Айрим ҳолларда энг қурғоқчил ойда республиканинг айрим ҳудудларида нисбатан жадалликдаги жада ёмғирлар кузатилиши мумкин. Шундай қилиб, 2020 йил август ойи охирида Ўзбекистоннинг марказий ҳудудларида кучли жала ёмғирлар ёғди, ёғингарчилик миқдори 10−34 мм ни ташкил қилди.

Тошкентда ўша куни 17 мм ёғингарчилик (ойлик нормаси 2 мм) бўлди — бу август ойида бир куча-кундузлик ёғингарчилик миқдори бўйича мутлақ рекорддир.

2023 йил август ойи ёғингарчилик бўйича ғайриоддий йил бўлди. Узоқ муддатли қуруқ ва бироз иссиқ ҳаводан сўнг, 2023 йил 27 июлдан 31 июлгача Ўзбекистоннинг деярли бутун ҳудудида вақти-вақти билан ёмғир ёғди. Айрим жойларда ёғингарчилик кучли бўлди — суткалик, тўғрироғи, бир неча соат ичида ёғингарчилик миқдори август ойидаги ойлик меъёрдан бир неча баравар кўп бўлди. Республиканинг айрим ҳудудларида кунлик ёғингарчиликнинг тарихий максимал миқдори янгиланди.

Энг эътиборга лойиқ рекордлар Сариосиё метеостанцияси ҳудудида (Сурхондарё вилоятининг тоғ этакларида) ўрнатилди. Ойлик меъёр 0,4 мм бўлганда 3 соат 10 дақиқада 35 мм, Қўқон метеростанцияси (Фарғона водийси) ҳудудида ойлик меъёр 5 мм бўлганда 20 дақиқада 35 мм ёғингарчилик бўлди.

Бу йил август ойида об-ҳаво қандай бўлади?

Август иссиқ ҳаво билан бошланади. 1−2 август кунлари ҳаво кундузи +39…+41 даражагача, жанубда +42…+44 даражагача иссиқ бўлади.

Кейинчалик жазирама бироз пасаяди, биринчи ўн кунлик охиригача кундузи ҳаво ҳарорати аксарият ҳудудларда +36…+39, жанубда баъзи жойларда +40…+42 даражагача иссиқ бўлади.

Иккинчи ва учинчи ўн кунликларда ҳаво ҳарорати кечаси +22…+25 даражадан +17…+20 даражагача, кундузи +35…+38 даражадан +30…+33 даражагача ўзгариши кутилмоқда.

Август ойи қуруқ бўлиши кутилмоқда. Ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрга атрофида, баъзи жойларда меъёрдан кам бўлиши прогноз қилинмоқда. Ойнинг учинчи ўн кунлигининг айрим кунларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.