Июль — иқлим хусусиятларига кўра ёзнинг энг иссиқ ойи. Ушбу йил ҳудуднинг катта қисмида бу ойда ўртача ойлик ҳарорат ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлиб, марказий вилоятларнинг қатор туманларида ва республиканинг жанубида меъёрдан 1−1,7 даражага юқори бўлди, дея хабар бермоқда Ўзгидромет агентлиги.

«Бу йил июль ойининг катта қисмида ҳарорат тартиби жуда қулай бўлди, бундай ҳолат Ўзбекистонда ёз фаслининг ўртаси учун хос эмасдир», — дейилади ҳисоботда.

Республика ҳудудининг катта қисмида кундузги ҳаво ҳарорати +32…+37 даража атрофида бўлди. Фақат республика жанубида ва чўл ҳудудларида баъзи жойларда ҳаво кундуз кунлари +39…+41 даражагача исиди.

Июль ойи учинчи ўнкунлигининг бошидан бошлаб иссиқ аста-секин кўтарила бошлади ва ўнкунликнинг ўрталарига келиб ҳароратнинг максимал қиймати +38…+41 даражага, чўл ҳудудлари жанубида +42…+44 даражага, Ўзбекистоннинг энг жанубий нуқтаси — Термиз шаҳрида эса +45…+46 даражага етди. 25−28 июль кунлари иссиқ энг юқори чўққига кўтарилган кунлар кузатилди. Ойнинг охирги кунларида ҳарорат бироз пасайди.

Синоптикларга кўра, ўтган июль ойида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида максимал ҳаво ҳарорати ўзининг рекорд кўрсаткичлардан анча узоқ бўлди.

июль, об-ҳаво, ўзгидромет

Максимал ҳарорат +40 ва ундан юқори бўлган кунлар сони 2024 йил июль ойида ҳудуднинг катта қисмида 1−3 кунни, чўл ҳудудларда 4−7 кунни ташкил этди.

Максимал ҳарорат +40 ва ундан юқори бўлган энг кўп кунлар сони дашт ҳудудида (Муборак) 11 кун ва энг чекка жанубда (Термиз) 15 кун кузатилди.

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида 2024 йил июль ойида максимал ҳаво ҳарорати 40 даража ва ундан юқори бўлган кунлар сони (2014−2023 йиллар июль ойлари учун ўртача ва максимал қийматлар билан солиштирганда).Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида 2024 йил июль ойида максимал ҳаво ҳарорати 40 даража ва ундан юқори бўлган кунлар сони (2014−2023 йиллар июль ойлари учун ўртача ва максимал қийматлар билан солиштирганда).

Ўтган июль ойида максимал ҳаво ҳарорати +40 ва ўтган юқори бўлган кунлар сони сўнгги 10 йил ичида энг кам бўлди.

Ҳудуднинг катта қисмида бундай иссиқ кунларнинг энг кўп сони 2019 йил июль ойида кузатилган. Масалан, Тошкентда 2019 йил июль ойида кетма-кет 14 кун давомида ҳавонинг максимал ҳарорати +40 даражадан юқори, энг иссиқ кунларда эса +43 даражага етган.

Республика шимолида максимал ҳаво ҳарорати +40 даражадан юқори бўлган энг кўп кунлар сони 2018 йил июль ойида кузатилган. Ушбу йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Навоий вилоятларида баъзи жойларда ҳаво ҳароратининг тарихий максимумлари +46…+48 даража қайд этилган.

Одатда, ёзнинг ўрталарида кузатилгани каби ўтган июль ойида ёмғир жуда нотекис ёғди. Ёмғир камдан кам ва ҳудуднинг катта қисмида бироз ёғди. Фарғона водийси вилоятларида, Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида ёмғирлар тез-тез ёғди ва айрим кунларда жадаллиги бироз бўлди.

Чимбой метеостанцияси (Қорақалпоғистон Республикасининг шимоли) ҳудудида кучли жала ёмғир ёғиши ҳолати энг ғайриоддий бўлди, бунда 7 июль куни 2 соат 40 дақиқада 23 мм ёмғир ёғди, бу ҳолат ушбу ҳудуд учун июль ойи бир кеча-кундузлик ёғингарчилик миқдорининг мутлақ максимумини (илгари 14 мм бўлган) янгилади, дейилади хабарда.

Республика шимолида ва чўл ҳудудларида айрим кунларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача, Бекобод метеостанцияси ҳудудида 22−25 м/с гача кучайди, баъзи жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилди, кўринувчанлик 1000 м гача ёмонлашди.

Навоий метеостанцияси ҳудудида 7 июль куни шамол тезлиги 35 м/с га етди. Бу ушбу ҳудуд учун рекорд шамол тезлигининг такрорланишидир.

Жиззах, Сурхондарё, Андижон ва Фарғона вилоятларининг айрим тоғолди ва тоғли ҳудудларида жала ёмғирлар ёғиши ҳисобига сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келди.