Дам олиш кунлари кузатилган нисбатан салқин об-ҳаводан сўнг, душанбадан бошлаб Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳаво ҳарорати яна кўтарила бошлайди, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

12−15 август кунлари республика ҳудудининг катта қисмида кундуз кунлари ҳаво +37…+40 даражагача, жанубда +42…+43 даражагача исийди.

15 август куни салқин ҳавонинг яна бир қисми Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларига кириб келади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво ҳарорати +28…+33 даражагача пасаяди.

16 август, жума куни нисбатан салқин ҳаво шарққа томон ҳаракатлана бошлайди ва ҳаво ҳароратининг пасайиши Ўзбекистоннинг барча ҳудудини қамраб олади. Ҳаво ҳарорати кундузи +33…+36, шимоли-ғарбий ҳудудларда +28…+33 даража атрофида, республика жанубида +40 даражагача бўлади.

Ушбу кунларда Ўзбекистон ҳудуди бўйича қуруқ об-ҳаво сақланиб туради. Фақат 13 ва 15 август кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида айрим жойларда, шунингдек, 15−16 август кунлари Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларининг айрим тоғли ҳудудларида бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Шамол 7−12 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 15−20 м/с гача кучаяди, чанг-тўзонлар билан кузатилади.

Тошкент шаҳрида ҳаво бироз булутли, вақти-вақти билан ўзгарувчан бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3−8 м/с тезликда эсади, 16 августда 10−12 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат асосан кечалари +22…+25, кундуз кунлари 12−15 августда +37…+39, 16 августда +34…+36 даража бўлади.