Жума ва дам олиш кунлари салқин ҳаво Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет агентлиги.

Синоптикларга кўра, Ўзбекистонда сўнгги 2 кун (14, 15 август) жуда иссиқ бўлди. Республика ҳудудининг катта қисмида ҳаво ҳарорати кундуз кунлари +39…+41, жанубда баъзи жойларда +42…44, Термиз ҳудудида +45 даражагача кўтарилди.

Пайшанба куни кундузи Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларига салқин ҳаво кириб келиши бошланди, Қорақалпоғистон Республикасида ҳаво ҳарорати +35…+38 даражадан +30…+33 даражагача пасайди.

Жума ва шанба куни ҳаво ҳарорати асосан кундуз кунлари +31…+36, якшанба куни эса +27…+32 даража атрофида бўлади. Кечалари ҳам анча салқинлашади, ҳарорат +17…+22 даражагача пасаяди.

Шанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларининг айрим жойларида, якшанба куни Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларининг баъзи жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши, чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

Тошкент шаҳрида ҳаво бироз булутли, вақти-вақти билан ўзгарувчан бўлади, бугун ва эртага ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат асосан +33…+36 даража бўлади.

Якшанба куни қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади. Ҳарорат кечаси +19…+21 даражагача, кундузи +27…+29 даражагача пасаяди. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 5−10 м/с тезликда эсади, 10−15 м/с гача кучайиши мумкин.