Ҳафта ўртасида республика ҳудудига нисбатан салқин ҳаво кириб келиб, ҳарорат фони 2−3 даражага пасаяди, деб хабар бермоқда Ўзгидромет.

Душанба, сешанба кунлари Ўзбекистон бўйича қуруқ ва илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳудуднинг катта қисмида ҳаво ҳарорати +32…+35 даража атрофида, жанубда +36…+38 даражагача бўлади.

Чоршанба ва пайшанба кунлари ҳаво ҳарорати кундуз кунлари +27…+30 даража атрофида, жанубда +35 даражагача бўлади. Кечаси ва эрта тонгда ҳарорат +17…+20 даражагача пасайиши кутилмоқда.

Жума кунидан бошлаб ҳарорат аста-секин кўтарилади, ҳароратнинг ушбу кўтарилиши дам олиш кунларида ҳам давом этади. Кундуз кунги ҳарорат яна +30…+35 даражагача кўтарилади.

28 август — чоршанба куни Тошкент, Жиззах, Сирдарё вилоятларининг айрим жойларида жадаллиги камроқ бўлган қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. 28−29 август кунлари Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек, республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида момақалдироқли қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

Шарқий йўналишдаги шамол ғарбдан 9−14 м/с тезликда эсади, 28 августда баъзи жойларда 15−20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

Пойтахтда асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат 28 августда бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин, шамол тезлиги 10−12 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат асосан кечалари +15…+20 даража, кундуз кунлари 26−27 августда +30…+33 даража, 28−29 августда +27…+30 даража бўлади.