Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида 2024 йил август ойи барча кузатув йиллари учун энг илиқ август ойлари учлигига кирди, дея хабар бермоқда Ўзгидромет агентлиги.

Синоптикларнинг билдиришича, август ойининг биринчи ярми жуда илиқ бўлиб, меъёрдан ўртача 2−3,5 даражага юқори бўлди. Ушбу даврда кундуз кунлари ҳаво ҳарорати +36…+41 даражагача, жанубда +42…+43 даражагача, энг чекка жанубда айрим кунларда +45 даражагача кўтарилди.

Марказий ва жанубий ҳудудларда +40 даража ва ундан юқори ҳароратли кунлар сони сўнгги 10 йил ичида, айниқса, республиканинг энг чекка жанубида ўртача кўрсаткичлардан юқори бўлди. Бироқ жуда юқори ҳарорат қийматлари август ойида кузатилмади, дейилади хабарда.

Ойнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон ҳудуди бўйича салқин ҳаво кириб келиши кузатилди. Барча ҳудудларда ҳарорат фони меъёргача пасайди. Кундузги ҳаво ҳарорати асосан +29…+34 даража, жанубда +35…+38 даража атрофида бўлди. Ҳарорат энг салқин бўлган кечаларда +14…+17 даражагача пасайди. Ўртача ойлик ҳаво ҳарорати ўртача йиллик қийматлардан 1−2 даражага юқори бўлди.

август, ёз фасли, об-ҳаво, ўзгидромет

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, август ойи қуруқ бўлди. Ёмғир жуда кам ёғди — ҳудуднинг катта қисмида 1 кундан 3 кунгача бироз ёмғир ёғиши кузатилди, ойлик ёғингарчилик миқдори 1−2 миллиметрни, Андижон, Фарғона вилоятларида 3−5 миллиметрни, Қорақалпоғистоннинг айрим жойларида 9−10 миллиметрни ташкил этди.

Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида ҳам ёмғир кам ёғди, аммо ёмғир ёғиши жадалроқ бўлди. Ойлик ёғингарчилик мидори 6−11 миллиметрни, Тошкент вилоятининг баланд тоғларида ва Қамчиқ довони ҳудудида 19 миллиметрни ташкил этди.

Республиканинг жанубий ва жануби-ғарбий ҳудудларида ой давомида ёмғир умуман ёғмади. Ой давомида республиканинг айрим ҳудудларида шамол тезлиги 13−18 м/с гача кучайиши кузатилди, Устюртда баъзи жойларда шамолнинг кучайиши баъзида 20−25 м/с га етди.

Шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда шамолнинг кучайиши чанг-тўзонлар билан қайд этилди, кўринувчанлик 800 метргача ёмонлашди.

Ушбу йилда август ойи меъёрдан 1−2 даражага илиқроқ бўлиб, Ўзбекистон ҳудудининг катта қисми бўйича эса 2021 ва 2023 йилларнинг ёзги мавсумлари билан бир қаторда метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун энг илиқ учликка кирди.

Ўтган ёз ойи одатдагидан ўртача илиқроқ бўлиб, июнь ойи республиканинг кўпчилик вилоятларида меъёрга нисбатан энг илиқ бўлди. Бу ойда ўртача ойлик ҳароратни меъёрдан четланиши 2−2,5 даражани ташкил этди.

август, ёз фасли, об-ҳаво, ўзгидромет

Умуман олганда, ёз одатдагидан илиқроқ бўлишига қарамай, бутун ёз мавсуми учун ҳаво ҳароратининг энг юқори қийматлари рекорд кўрсаткичлардан узоқ бўлди.

Ўзгидрометга кўра, бу фактлар узоқ вақт давомида жазирама иссиқнинг кузатилмагани билан бир қаторда, 2024 йил ёзги мавсумни ҳарорат тартибига нисбатан қулай деб баҳолашга имкон беради.