Дам олиш кунлари республика бўйича ёғингарчилик кутилмайди, дея хабар бермоқда Ўзгидромет агентлиги.

Жума куни Ўзбекистон ҳудудига нисбатан совуқ ва бироз нам ҳаво кириб келиши бошланади. Кундузи ҳаво бироз булутли бўлади, республиканинг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Фақат Тошкент вилоятида кечга томон баъзи жойларда бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

Жума куни ҳарорат +26…+29 даража бўлади. Шанба-якшанба кунлари эса кечалари +10…+15 даражагача, кундуз кунлари +22…+27 даражагача пасаяди.

Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида 6 ва 7 сентябрь кунлари баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади. 7 сентябрда баланд тоғларда қорга айланиши мумкин. Баъзи жойларда шамол тезлиги 13−18 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши кутилмоқда.

Тошкент шаҳрида 6 сентябрда кечга томон бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 3−8 м/с тезликда эсади, 12−14 м/с гача кучаяди. Ҳарорат +24…+29 даража бўлади.

7−8 сентябрь кунлари ҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат асосан кечалари +10…+13, кундуз кунлари +24…+27 даража бўлади.