Ўзбекистонда иш ҳафтаси охиригача турли даражадаги ёмғирли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзгидромет матбуот хизмати хабар берди.

21 октябрь куни қуёшли ва жуда илиқ ҳароратлар билан ўтади, фақат шимолий ҳудудларга нам ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда. Бунинг натижасида куннинг иккинчи ярмида Бухоро, Навоий вилоятларида ва кечга бориб Хоразм вилоятида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғади. Кундузи ҳаво ҳарорати +24…+27 даражани, шимолда +12…+17 даражани ташкил этади.

22 октябрь, сешанба куни республика ҳудудининг катта қисмида ёмғир ёғади, шамол баъзи жойларда 15−18 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Кундузги ҳарорат +15…+20 даражагача пасаяди.

Чоршанба ва пайшанба кунлари фақат республиканинг жанубий ва шарқий ҳудудларида ёмғир ёғиши эҳтимоли бор.

Ўзбекистон бўйича энг жадал ёмғирлар 25 октябрь куни прогноз қилинмоқда, дейилади хабарда.

Ҳаво ҳарорати 23 октябрда кечаси +8…+13, кундузи +10…+15, 24 октябрда кечаси +5…+10, кундузи +12…+17, 25 октябрда кечаси +5…+10, кундузи +14…+19 даража бўлади.

22 октябрдан 25 октябргача республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида баъзи жойларда ёмғир ёғиши кутилмоқда. 23−25 октябрда айрим ҳудудларда баъзи жойларда кучли ёмғир ёғиши мумкин, баланд тоғли ҳудудларда ёмғир қорга айланиши эҳтимоли бор.

Пойтахтда 22 октябрь кечга томон вақти-вақти билан ёмғир ёғади. Шамол 5−10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси +11…+13, кундузи +17…+19 даража бўлади.

23−24 октябрда ёмғир ёғиши мумкин. Шамол 5−10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат 23 октябрда кечаси +11…+13, кундузи +3…+15 даража, 24 октябрда кечаси +8…+10, кундузи +15…+17 даража бўлади.