Ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ҳаво илиқ бўлади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет агентлиги.

25−27 ноябрь кунлари ҳарорат асосан кечалари +2…+7, кундуз кунлари +15…+20 даража, жанубда кечалари +7…+12 даража, кундуз кунлари +17…+22 даража атрофида бўлади. Фақат Қорақалпоғистонда совуқ об-ҳаво сақланиб туради, ҳарорат кечалари −2…−7 даража бўлади, кундуз кунлари эса ҳарорат +7…+12 даражадан ошмайди.

Ушбу кунларда республика бўйича қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат Тошкент вилоятининг айрим жойларида 26 ноябрь куни кечаси ва эрталаб бироз ёмғир ёғиши мумкин.

Ҳафтанинг иккинчи ярмида Ўзбекистон ҳудудига Каспий денгиз ҳудудларидан нам ҳаво кириб келиши бошланади. 28−29 ноябрда республиканинг кўпчилик вилоятларида баъзи жойларда ёмғир ёғади, фақат Фарғона водийси вилоятларида ва 28 ноябрда Тошкент, Сирдарё вилоятларида қуруқ об-ҳаво сақланиб туради.

Ёмғир ёғиши илиқ об-ҳавода кузатилади, 28 ноябрда ҳарорат кечаси +7…+10 даража, кундузи +17…+20 даража атрофида бўлади. 29 ноябрда ҳароратнинг пасайиши бошланади, кундуз кунги ҳарорат +10…+13 даражани ташкил этади.

Республиканинг айрим жойларига туман тушади. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7−12 м/с тезликда эсади, 28−29 ноябрда баъзи жойларда 13−18 м/с гача кучаяди.

28 ноябрда Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида, 28−29 ноябрда республиканинг тоғли ҳудудларида баъзи жойларда ёмғир ёғади, баланд тоғларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади.

Тошкент шаҳрида 25−28 ноябрда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат асосан кечалари +4…+7 даража, 28 ноябрда +7…+10 даража илиқ, кундуз кунлари +17…+20 даража бўлади.

29 ноябрда вақти-вақти билан ёмғир ёғади. Ҳарорат кечаси +7…+10 даража, кундузи +10…+13 даража бўлади. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан бироздан ўртача тезликкача эсади.