Декабрь ойнинг биринчи ўн кунлигида Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳарорат тартиби ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет агентлиги.
Декабрь, одатда, совуқ ва қорли об-ҳаво билан кузатилади. Бироқ Ўзбекистонда бу ой ҳар доим ҳам шундай бўлмайди.
Синоптикларга кўра, сўнгги 50 йил ичида 1984 йил декабрь ойи энг совуқ бўлган. Республика ҳудудининг катта қисмида совуқ ҳавонинг энг юқори чўққисида ҳаво ҳарорати −20…−25, баъзи жойларда -27, энг чекка жанубда −9…−14 даражагача пасайди. Ойнинг катта қисмида совуқ ҳаво ҳатто кундуз кунлари ҳам сақланиб турган.
1984 йил декабрь ойида ўртача ойлик ҳарорат меъёрдан 7−12 даражага паст бўлган. Бундай аҳамиятли ҳарорат аномалияси жуда камдан кам ҳолларда учрайди. Метеорологик кузатувларнинг барча қатори учун шунга ўхшаш декабрь ойлари 1877 ва 1920 йилларда кузатилган.
Охирги 50 йил ичида 2021 йил декабрь ойи энг илиқ бўлган (меъёрдан 2−4 даража баланд). Энг илиқ кунларда ҳаво ҳарорати +20…+25 даражагача, жанубда +26…+28 даражагача кўтарилган.
Республиканинг айрим ҳудудларида 2021 йил декабрь ойида максимал ҳаво ҳарорати метеорологик кузатувлар тарихидаги энг юқори кўрсаткич бўлган.
Ўтган 2023 йил декабрь ойи ҳароратнинг кучли ўзгариб туриши билан ажралиб турган. Ўзбекистонда қиш ойларида ҳароратнинг ўзгариши одатий ҳодиса бўлсада, улар айниқса ўтган йилнинг декабрь ойида сезиларли бўлган.
Декабрь ойининг бошида ва учинчи ўн кунлигида ҳаво ҳарорати +18…+23, жанубда +24…+26 даражагача кўтарилган. Ойнинг ўрталарида эса Арктика ҳудудидан кириб келган совуқ тўлқинлар республика ҳудудининг катта қисмида ҳароратни пасайтирган. Ҳаво ҳарорати кечалари −16…−21, шимолда баъзи жойларда −22…−25 даражагача пасайган.
Республика ҳудудининг катта қисмида 2023 йил декабрь ойида кундузги энг юқори ва энг паст ҳарорат ўртасидаги фарқ +30…+35 даражани ташкил этади. Шундай қилиб, Тошкентда 4−6 декабрь ва 23−25 декабрь кунлари кундузги ҳаво ҳарорати +19…+22 даражани ташкил этган, 12−13 декабрда эса −5…−8 даража атрофида бўлган.
Декабрь ойида ёғингарчилик ноябрь ойига нисбатан одатда 1,5−3 марта, чўл зонасида ва республика жанубида эса 4−6 марта кўп бўлиши кузатилади. Текислик ҳудудларда ёғингарчилик ҳам ёмғир, ҳам қор шаклида ёғади, тоғларда эса одатда қор қопламининг фаол шаклланиши кузатилади.
Бу асрда 2002 йил декабрь ойида ёғингарчилик энг кўп бўлган эди. Ҳудуднинг катта қисмида ўша декабрь ойида меъёрдан 1,5 дан 3 гача бўлди. Шуниси эътиборга лойиқки, ёғингарчилик асосан қор шаклида кузатилган. Республиканинг марказий ҳудудлари бўйича қор қоплами деярли ой давомида қисқа танаффуслар билан ерни қоплади, қорнинг максимал баландлиги эса 20−30 сантиметрга, тоғларда 70−100 сантиметрга етган.
Кўп йиллик кузатув маълумотларини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, қолган ойларга қараганда декабрь ойи, ноябрь ойи каби, глобал исишга камроқ мойил, дейилади ҳисоботда.
Бу йил декабрь ойи қандай бўлади?
Ойнинг биринчи ўн кунлигида ҳаво ҳарорати асосан кечалари −3…+2, кундуз кунлари +3…+8, баъзи жойларда +10 даражагача, шимолда кечалари −3…−8, кундуз кунлари +2…+7 даража атрофида бўлиши кутилмоқда.
1 декабрда республика бўйича баъзи жойларда ёғингарчилик (ёмғир, айрим жойларда қорга айланиши мумкин) бўлади. 2 декабрда айрим тоғли ҳудудларда бироз қор ёғиши кутилмоқда.
Кейинчалик деярли биринчи ўн кунликнинг охиригача (3−8 декабрь) Ўзбекистон ҳудуди бўйича асосан қуруқ об-ҳаво кузатилади ва фақат ўн кунлик охирида (9−10 декабрь) республика бўйича баъзи жойларда ёғингарчилик бўлиши мумкин.
Декабрь ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида ҳарорат кечалари 0…-5 даражадан +2…+7 даражагача, кундуз кунлари +3…+8 даражадан +10…+15 даражагача ўзгариб туради. Ой охирида ҳарорат кечалари −5…−10, кундуз кунлари 0…-5 даражагача пасаяди.
Шимолда ҳарорат кечалари −8…−13 даражадан, баъзи жойларда −15…−17 даражадан −3…+2 даражагача, кундуз кунлари −2…+3 даражадан +3…+8 даражагача ўзгариб туради.