Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ об-ҳаво 19 декабрь кунига қадар сақланиб туради, дея хабар бермоқда Ўзгидромет агентлиги.

Ёғиб ўтган қордан сўнг Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қор қоплами ҳосил бўлди. Душанба эрталаб ҳаво ҳарорати −8…−13, айрим жойларда -15 даражагача, энг чекка жанубда −4…−6 даражагача пасайди.

16 декабрь куни кундузи республиканинг барча ҳудудлари бўйича ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати 0…-5 даража атрофида, шимолда ва жанубда баъзи жойларда +2 даража бўлади.

19 декабрь куни фақат Қорақалпоғстон Республикаси, Хоразм вилоятида ва куннинг иккинчи ярмида Бухоро, Навоий вилоятларида баъзи жойларида ёғингарчилик бўлади.

Республика ҳудуди бўйича ҳарорат 17 декабрь куни кечаси −8…−13 даража бўлиши сақланиб туради. Кундуз куни эса ҳаво ҳарорати кўтарила бошлайди. 19 декабрга келиб, ҳарорат кечаси 0…-2 даражагача, кундуз куни +5…+7 даражагача, жанубда баъзи жойларда +10 даражагача кўтарилади.

20 декабрь, жума куни Ўзбекистон бўйича баъзи жойларда ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик кузатилади. Кундуз кунги ҳарорат 0…+3 даражагача пасаяди. Айрим жойларига кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. 18−20 декабрда баъзи жойларда шамол тезлиги 13−18 м/с гача кучаяди.

Тошкент шаҳрида 16−19 декабрь кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечалари −10…−12 даражадан 0…-2 даражагача, кундуз кунлари −3…−5 даражадан +5…+7 даражагача аста-секин кўтарилади. 20 декабрда вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Ҳарорат кечаси ва кундузи 0…+2 даража илиқ бўлади.