Ўзбекистон аҳолиси бу йил ҳам янги йилни ёғингарчиликсиз (қорсиз) об-ҳаво билан кутиб олади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет агентлиги.

Синоптикларга кўра, 30 декабрда республика ҳудуди бўйича баъзи жойларда ва 31 декабрга ўтар кечаси Тошкент вилоятининг айрим жойларида ёғингарчилик кузатилади. Лекин текислик ҳудудларда ёғингарчилик асосан ёмғир кўринишида бўлади.

Фақат тоғолди ва тоғли ҳудудларда, шунингдек, республика шимолида баъзи жойларда ёғингарчилик қор кўринишида бўлиши кутилмоқда.

Республика ҳудудининг катта қисмида 31 декабрда кундуз куни ва 1 январда ёғингарчилик кутилмайди.

30−31 декабрь ва 1 январда ҳаво ҳарорати асосан кечалари 0…+5 даража, кундуз кунлари +5…+10 даража атрофида, баъзи жойларда +12 даражагача бўлади. Шимолда кечалари −3…−8 даража, кундуз кунлари 0…+5 даража бўлади.

Одатда Янги йил байрами кунлари Ўзбекистонда об-ҳаво қандай бўлади?

Иқлим маълумотлари таҳлили шуни кўрсатадики, сўнгги йилларда иқлим ўзгариши ҳисобига Ўзбекистоннинг текислик ҳудудларида ва ҳатто тоғолди ҳудудларида қиш фаслидаги ёғингарчиликлар кўпинча ёмғир ёки ҳўл қор кўринишида ёғиши кузатилмоқда.

Сўнгги 10 йил ичида Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида янги йил байрамлари қорсиз ўтган.

Ушбу асрда 2007 йилнинг биринчи куни энг қорли кун бўлган. 2007 йилнинг янги йил кечаси арафасида қор ёғиши бошланиб, 1 январда бутун кун давомда кузатилган.

Шундай йиллар кузатилганки, қор Янги йил байрамларидан бир неча кун олдин ёғган ва янги йил байрамларигача қор қоплами сақланиб турган. Бу ҳолат 2011−2012 йилларда кузатилган. Ушбу йилларнинг сўнгги ҳафтасида қор кўринишидаги ёғингарчиликлар бир неча бор ёғиб, янги йил арафасида мамлакатнинг кўплаб шаҳар ва қишлоқлари, дарахтлар ва томлар қор қопламалари билан безатилган.

Тошкентда ушбу асрда 2014 йилнинг янги йил кечаси энг совуқ бўлиб, бунда термометр устуни 9 даража совуққача пасайган, барча кузатув йиллари учун 1889 йил янги йил кечасида эса — 27,5 даража совуқ қайд этилган.

Аммо (сўнгги йилларда тез-тез қайд этилмоқда) Янги йил байрами кунлари кундуз кунлари ҳаво ҳарорати +16…+19 даражагача бўлган қиш фаслига ҳос бўлмаган илиқ кунлар ҳам кузатилмоқда. 2024 йилнинг 1 январ куни ҳам шундай ҳодиса кузатилган.