2025 йилги январь ойининг биринчи ярмида Ўзбекистон ҳудуди бўйича аномал совуқ ёки аномал илиқ шароит кутилмаяпти, дея хабар бермоқда Ўзгидромет агентлиги.

Синоптикларга кўра, январь қиш фаслининг ўртаси бўлиб, у иқлим хусусиятларига кўра йилнинг энг совуқ ойидир. Бироқ бу ой Ўзбекистонда ҳар доим ҳам энг совуқ ой бўлавермайди. 2002−2003 йилларда декабрь ойи январь ва февраль ойларига нисбатан энг совуқ ой бўлган. 2013−2014 йилларнинг февраль ойи эса декабрь ва январь ойларига нисбатан энг совуқ бўлган.

2025 йилги январь ойининг биринчи ярмида ҳаво ҳарорати ой боши учун бўлган ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлиб, кечалари −3…+2 даража, кундуз кунлари +3…+8 даража, шимолда кечалари −3…−8 даража совуқ, кундуз кунлари 0…+5 даража бўлади.

Кейинчалик ойнинг охиригача ҳарорат кечалари +3…+8 даражадан −3…−8 даражагача, шимолда −10…−15 даражагача, кундуз кунлари +10…+15 даражадан −2…+3 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда.

Ҳарорат кечалари −10…−12 даражагача, шимолда −17…−20 даражагача қисқа даврга пасайиши эҳтимоли бор.

Ойнинг айрим кунларида ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши кутилмоқда.

Ўтган йилларда январь ойи қандай бўлган?

Ўзбекистондаги барча қиш ойлари каби январь ҳам илиқ ва совуқ даврлар ўрин алмашиб туриши билан ажралиб туради. Бутун январь ойи совуқ бўлган йиллар жуда кам кузатилади.

Барча кузатув даврлари учун ҳудуднинг катта қисми бўйича 1969 ва 2008 йилларда январь ойлари энг совуқ бўлиб, меъёрдан 8−12 даражага паст бўлган, ушбу асрда эса 2006 ва 2023 йилларнинг январь ойлари энг совуқ бўлиб, меъёрдан 4−7 даражага паст бўлган.

Сўнгги йилларда совуқ январь ойларига қараганда илиқ январь ойлари тез-тез такрорланмоқда. Республика ҳудудининг катта қисмида 2016, 2019, 2022 ва 2024 йилларда январь ойлари меъёрга нисбатан анча юқори бўлиб, меъёрдан 3−6 даражага юқори бўлган.

об-ҳаво, ўзгидромет, январь
Инфографика: Ўзгидромет.
Ўртача ойлик ҳаво ҳароратнинг меъёрдан оғиши.

Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида барча кузатув йиллари учун ҳаво ҳароратининг мутлақ минимуми (энг паст қийматлар) 23−28 даража совуқни, Қорақалпоғистон Республикасида 29−34 даража совуқни, Устюрта 39 даража совуқни, энг чекка жанубда 18−23 даража совуқни ташкил этади. Республика ҳудудининг катта қисмида бу қийматлар 1969 ва 2008 йилларда қайд этилган.

2023 йил январь ойи 1969 ва 2008 йиллардагидек совуқ бўлмаган, аммо ой ўрталарида марказий вилоятлар ва Фарғона водийсида баъзи жойларда сўнгги 30 йил ичида ҳаво ҳароратинг энг паст қийматлари кузатилган.

2016, 2019, 2022, 2024 йилларнинг жуда илиқ январь ойларида минимал ҳаво ҳарорати 2−5 даража совуқдан, шимолда 8−10 даража совуқдан пастга тушмаган, фақат Устюртда энг совуқ кечаларда 12−15 даража совуқ бўлган.

Январь ойида ёғингарчилик жуда тез-тез кузатилади, ойига ўртача 9 кундан 14 кунгача ёғингарчилик бўлади.

Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида январь ойида ёғингарчилик миқдори 25 мм дан 45 мм гачани, тоғолди ҳудудларда 65−90 мм ни, баъзи жойларда 110 мм ни, республика шимолида, чўл ҳудудларда ва Фарғона водийсида 10−22 мм ни (кўп йиллик давр учун ўртача) ташкил этади.

Кузатилаётган глобал исиш фонида текислик ҳудудларда ва ҳатто тоғолди ҳудудларда январь ойида ёғингарчилик кўпинча ёмғир кўринишида бўлади. Бунинг ҳисобига текислик ҳудудларда қор қоплами кўпинча қисқа муддатли (5 кундан кам) бўлиб, баъзида эса қор қоплами умуман шаклланмайди.

Республиканинг марказий ва шарқий вилоятлари бўйича 1969 йилнинг совуқ январь ойи ёғингарчилик (қор) энг кўп бўлган. Ушбу йилда текислик ҳудудлар бўйича қор баландлиги 40−66 см га етган. Сўнгги йилларда эса 2008 йил январь ойи ёғингарчилик (қор) энг кўп бўлган.