Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти расмий вакили Маргарет Ҳаррис оммавий ахборот воситаларининг бу мавзуга қизиқиши юқорилиги сабабли одам метапневмовирусига оид ЖССТда мавжуд маълумотлар билан бўлишди.

Хитойнинг Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) 2 январдаги ҳисоботида мамлакатда кенг тарқалган респиратор инфекциялар сонининг мавсумий ўсиши кузатилганини маълум қилганди.

CDC маълумотларига кўра, ушбу инфекцияларни қўзғатувчи патогенлар маълум. Буларга мавсумий грипп вируси — RSV (респиратор-синцитиал вирус), hMPV — одам метапневмовируси ва SARS-CoV-2 — COVID-19 ни келтириб чиқарадиган вирус киради.

Хитой Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази маълумотига кўра, бугунги кунда мавсумий грипп энг кенг тарқалган ва ўсишда давом этмоқда. ЖССТ вакилининг таъкидлашича, 2024 йил декабрь ойи охирида амбулатория шароитида ва кузатув пунктларидаги шошилинч ёрдам бўлимларида гриппга ўхшаш аломатлари бўлган одамлар орасида грипп тестларининг ижобий натижалари даражаси 30% дан ортиқни ташкил этди.

Шу билан бирга, Маргарет Ҳаррис Хитойда қайд этилган респиратор инфекциялар даражаси қиш мавсуми учун одатий диапазонда эканини таъкидлади. Расмийларнинг маълум қилишича, шифохоналарнинг касаллар билан тўлганлик даражаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан паст. Фавқулодда вазият ҳақида бирор-бир эълон ёки жавоб чоралари ҳақида маълумот келиб тушмаган.

ЖССТнинг грипп эпидемиологик назорати ва жавоб чоралари бўйича глобал тизими ҳозирги вақтда қиш даври кузатилаётган Шимолий яримшарда, шунингдек, Осиёнинг баъзи қисмларида, Европада, Африкада ва Кариб ҳавзасидаги бир неча давлатларда грипп билан касалланишнинг ўсиш тенденциясини қайд этди.

ЖССТ бу янги вирус эмаслигини таъкидлади. У биринчи марта 2001 йилда аниқланган, қишда ва баҳорда айланиб юрадиган кенг тарқалган вируслар қаторига киради. Одатда, у шамоллашга ўхшаш респиратор аломатларни келтириб чиқаради. Баъзи ҳолларда бу бронхит ёки пневмония каби оғирроқ касалликларга олиб келиши мумкин. Ёш ва кексалар, шунингдек, иммунитети заифлашганлар бунда энг кўп хавф остидаги гуруҳ саналади.

«Қиш мавсуми кузатилаётган мамлакатларда бўлганларга маслаҳатимиз: биринчи навбатда, касал бўлмаслик учун ҳаракат қилинг. Оддий чоралар вирус тарқалишининг олдини олиши мумкин. Уларга қуйидагилар киради: касаллик чоғида уйда бўлиш, одамлар кўп бўлган ёки шамоллатиш тизими қониқарсиз бўлган хоналарда ниқоб тақиш, имкон бўлган жойда вентиляцияни яхшилаш (масалан, ҳаво кириши ва чиқиши учун деразани очиш), йўтал ва аксириш пайтида оғизни салфетка ёки букилган тирсак билан ёпиш, мунтазам равишда қўлларни ювиш ва шифокорингиз тавсия қилган эмлаш», — деди Маргарет Ҳаррис.

Юқори хавф гуруҳига кирувчи шахслар, масалан, кексалар ёки иммунитет заифлашган шахслар, аҳволининг ёмонлашиши белгилари пайдо бўлганда тиббий ёрдамга мурожаат қилишлари керак, дея қўшимча қилди у ўз хулосасида.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам худди шундай тушунтириш билан чиққанди. Бироқ ижтимоий тармоқларда болалар шифохонасининг болалар ва ота-оналар билан тўлиб-тошганини кўрсатувчи видео пайдо бўлгани сабабли ССВ Республика педиатрия марказида метапневмовирус билан касалланган болалар кўплигини рад этишга мажбур бўлди. Вазирлик маълумотига кўра, беморларнинг тўпланиб қолиши байрам олдидан марказнинг бешта бўлими санитария ва дезинфекция ишлари учун ёпилгани билан боғлиқ.