Фарғона вилоятидаг институтининг 20 ёшли талабаси ўзини юқори қаватдан ташлаб ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда 25 январь куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, қиз 2024 йилнинг 12 декабрь куни институт талабалар турар жойининг 3-қаватидан ўзини пастга ташлаб оғир тан жароҳати олган. Бироқ унга тиббий ёрдам кўрсатилганига қарамасдан 5 январь куни вафот этган.
Прокуратура суриштирув натижаларига кўра, мазкур ҳолат шахсий муаммолар сабабли содир бўлгани аниқланган ва жиноят иши қўзғатиш рад этилган. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида суицидга қарши профилактика ишларини кучайтириш тавсия этилган.
«Марҳума қизнинг дафн маросими яқинлари иштирокида ўтказилди. Институт раҳбарияти оиласига моддий-маънавий ёрдам кўрсатиб, оғир кунларда улар билан бирга бўлди», — дейилади хабарда.
Вазирликка кўра, ҳозирда талабалар турар жойларида хавфсизликни таъминлаш учун махсус қоидалар жорий этилган, кунлик назорат ва психологик кўмак йўлга қўйилган. Талабалар билан кенг қамровли суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг фикрлари ўрганилган.