2025 йилнинг январь ойи нисбатан илиқ келди, дея маълум қилди Ўзгидромет агентлиги ой якунлари бўйича метерологик ҳисоботида.
Ўртача ойлик ҳаво ҳарорати иқлим меъёридан 0,5−1 даражага, шимолда 2−3 даражага, Устюртда 4 даражага юқори бўлди. Ойинг биринчи ва учинчи ўн кунликларида республика ҳудуди бўйича совуқ тўлқинлар кузатилди, бунда ҳарорат меъёрдан 2−3 даражага, 23−24 январь кунларида эса 4−5 даражага паст бўлиши қайд этилди.
Январнинг иккинчи ўн кунлиги илиқ бўлди, ҳудуднинг катта қисмида меъёрдан 1−3 даражага юқори бўлиши қайд этилди. Энг совуқ кечаларда ҳаво ҳарорати −3…−8 даражагача, шимолда −9…−14 даражагача пасайди.
Инфографика: Ўзгидромет.
Ҳудуднинг катта қисмида энг илиқ кунларда ҳаво +11…+16 даража, жанубда баъзи жойларда +17…+19 даражагача исиди.
Синоптикларга кўра, бу йилги январь қиш мавсумининг энг совуқ ойи сифатида ўз номини оқлай олмади. 2024 йил декабрь ойининг ўртача ойлик ҳарорати 2025 йилникига нисбатан 1−2 даража паст бўлиб, декабрдаги совуқлар эса январь ойи совуқларига нисбатан кучлироқ бўлган.
2025 йил январь ойи 2023 йил январь ойидаги каби совуқ (ушбу асрдаги иккинчи энг совуқ январь ойи, 2008 йилдан кейин) ва 2024 йил январь ойидаги каби илиқ бўлмади. У метеорологик кузатувлар тарихидаги энг илиқ январь ойлари учлигига кирди.
Инфографика: Ўзгидромет.
Январь ойи жуда қуруқ келди. Республика ҳудудининг катта қисмида ой давомида ёғингарчилик меъёрдан 50 фоиздан кам бўлди. Хоразм вилояти, Қорақалпоғистоннинг жануби, Фарғона водийси ва Бухоро, Навоий вилоятлари ҳудудларининг катта қисми энг қурғоқчил ҳудудлар бўлиб, уларда ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрдан 20 фоиздан кам бўлди, дейилади ҳисоботда.
Фақат Сурхондарё вилоятида ва Қорақалпоғистоннинг шимолий ҳудудларида баъзи жойларда ёғингарчилик меъёр атрофида ва ундан кўп бўлди.
Текислик ҳудудларда ёғингарчилик асосан ёмғир кўринишида ёғди. Айрим кунларда баъзи жойларда ёмғир қорга айланиши кузатилди, аммо ҳудуднинг катта қисмида қор қоплами ҳосил бўлмади. Қисқа муддатга (1−2 кун) баландлиги 0,5 см дан 3 см гача бўлган қор қоплами фақат республиканинг марказий ва жануби-шарқий ҳудудларининг баъзи жойларида кузатилди.
Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида ой давомида қор қопламининг кўпайиши қайд этилди, бироқ тоғли ҳудудларнинг катта қисмида қор ўртача кўп йиллик ва ўтган йилги қийматлардан кам бўлди.
Ой охирида тоғларда қор захиралари меъёрдан 50−70 фоизни, Қамчиқ довони ҳудудида 40 фоизни ташкил этди. Фақат Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг ўрта тоғ ҳудудларида (Чимён метеостанцияси маълумотлари бўйича) қор баландлиги ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлди.
Январь ойида тез-тез туман ҳодисалари кузатилди, кўринувчанлик эса 50−500 метргача ёмонлашди.