Дам олиш кунлари Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида жуда илиқ об-ҳаво сақланиб туради, дея хабар бермоқда Ўзгидромет агентлиги.
Жума куни республиканинг барча ҳудудлари бўйича ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади.
Шанба ва якшанба кунлари аксарият ҳудудларда ҳарорат кечалари +3…+8 даража, кундуз кунлари +15…+20 даража, баъзи жойларда +22 даражагача бўлади.
Фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ҳарорат пасая бошлайди. Хусусан, якшанба кунига келиб кечаси −1…−6 даражагача, кундузи −3…+2 даражагача пасаяди.
22 февралда жанубий ҳудудларда ва чўл зонасида баъзи жойларда ёмғир ёғади, 23 февралда республиканинг кўпчилик ҳудудларида (Фарғона водийсидан ташқари) баъзи жойларда ёмғир ёғади, шимолда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7−12 м/с тезликда эсади.
Тошкент шаҳрида 21−23 февраль кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3−8 м/с тезликда эсади. Ҳарорат асосан кечалари +5…+8 даража, кундуз кунлари +17…+20 даража бўлади.