Дам олиш кунлари кузатилган баҳорий илиқ об-ҳаводан сўнг ушбу ҳафта давомида Ўзбекистон ҳудуди бўйича об-ҳавони кескин ўзгариши кутилмоқда, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Республика бўйича вақти-вақти билан ёмғир ёғади, 24−25 февраль кунлари шимолда ва чўл ҳудудларда, 26 февралда республиканинг қолган ҳудудларида ёмғир қорга айланади. Баъзи жойларда ёғингарчилик кучли бўлади.

Айрим жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача, баъзида 23−25 м/с гача кучайиши мумкин.

Душанба кундузи ҳудуднинг катта қисмида ҳаво ҳарорати +10…+15 даража атрофида бўлади, 25−27 февраль кунлари 0…+5 даражагача аста-секин пасаяди. 26−27 февраль кунларига келиб, кечалари ҳарорат 0…-5 даражагача пасаяди.

Иш ҳафтаси давомида республика шимолида ҳарорат асосан кечалари −4…−9 даража, кундуз кунлари −3…+2 даража бўлади. Республика бўйича баъзи жойларга туман тушади.

Тошкент шаҳрида душанба кунининг иккинчи ярмида бироз ёмғир ёғиши мумкин. 25−28 февраль кунлари вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир ёғади, қорга айланади) бўлади.

Ҳаво ҳарорати душанба кундузи +13…+15 даража, сешанба куни +11…+13 даража бўлади. 26−28 февралда +2…+5 даражагача пасаяди. 27−28 февралга келиб, ҳарорат кечалари 0…-3 даражагача аста-секин пасаяди.