9 июлда ўтказиладиган президент сайлови, Россияга жўнаб кетган Шавкат Мирзиёев, Даулетмурат Тажимуратов билан учрашган Омбудсман вакиллари, нашида юборгани учун 3 йилга қамалган 21 ёшли йигит, Ўзбекистон дунёвий давлат бўлиб қолишини айтган президент ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
6−8 май кунлари Сирдарёда ўтган lll Халқаро бахшичилик фестивалида 30 га яқин давлатдан бахшилар қатнашди. Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков ОАВнинг фестиваль учун қанча маблағ ажратилгани бўйича саволига «Биз йилдан-йилга камроқ харажат қиляпмиз», — дея жавоб қайтарди.
Шавкат Мирзиёев 1 июндан жисмоний шахслар ўртасидаги пул ўтказмалари устидан солиқ назорати ўрнатилишини бекор қилишни назарда тутувчи янги Конституцияни амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонни имзолади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан амалий ташриф билан Москвага жўнаб кетди. Давлат раҳбари Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 78 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этади.
Шавкат Мирзиёев Ғалаба боғига ташриф буюриб, Қуролли Кучлар тизимига кирувчи вазирлик ва идоралар, давлат ташкилотлари вакиллари иштирокида «Матонат мадҳияси» ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйди.
5−6 май саналарида Термиз шаҳрида «Ҳунармандчиликда электрон тижорат — Марказий Осиё аёллари бизнесидаги асосий ўзгаришлар драйвери» мавзусида минтақалараро форум ташкил қилинди.
YouTube`даги нашидани Telegram-гуруҳга юборган 21 ёшли йигит 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Дин ишлари бўйича қўмита нашидада ақидапарастлик ғоялари борлигини маълум қилган.
Марказий сайлов комиссияси 9 июлда бўлиб ўтадиган муддатидан аввалги Ўзбекистон президенти сайловини ўтказишга тайёргарлик ишларини бошлади. Комиссия 10 май куни сайлов кампанияси бошланишини эълон қилмоқчи.
Ўзбекистон президенти Тошкент шаҳридаги санаторийга бориб, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари билан суҳбатлашди. Уруш қатнашчиларига бу йил 18 млн сўмдан пул мукофоти берилади.
Доҳада ўтказилаётган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатининг биринчи кунида ўзбекистонлик Дилшодбек Баратов кумуш медални қўлга киритди.
Тошкентда давом этаётган бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси яна 6 та ғалабага эришди.
Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи 42 та хорижий компания томонидан январь-апрель ойларида 32,4 млрд сўм солиқ тўланган. Улар ичида энг кўп солиқни Meta (12,1 млрд сўм), Google (9,3 млрд сўм) ва Apple (6 млрд сўм) тўлаган.
Шавкат Мирзиёев муддатидан илгари президенти сайловини 9 июлда ўтказиш бўйича фармонни имзолади.
Президент Ўзбекистон давлат раҳбари лавозимига муддатидан илгари сайлов бўлиб ўтишини эълон қилди. У нима учун 3,5 йиллик президентлик муддатидан ўз ташаббуси билан «воз кечаётганлигини» тушунтирди.
«Пахтакор» ва «Навбаҳор» клублари билан Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган мураббий Виктор Жалилов 71 ёшида вафот этди. У Ўзбекистон U-22 жамоасини ҳам бошқарган.
«Ўзбекистон — дунёвий давлат ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев референдум якунларига бағишланган учрашувда. Давлат раҳбари мамлакатда ҳар қандай радикаллашувга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга ҳеч қачон йўл қўйилмаслигини айтди.
Шавкат Мирзиёев халқ овози ва фикрини кенг жамоатчиликка, давлат идоралари эътиборига олиб чиқаётган энг таъсирчан куч, бу — ОАВ ва журналистлар эканини таъкидлади. Шунингдек у ахборот маконида ҳаққонийлик ва холислик бош мезон эканини унутмаслик зарурлигини айтди.
Президент иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори мунтазам ошириб борилишини билдирди. Бунинг учун бюджетдан ҳар йили қўшимча 30−40 трлн сўм ажратиш керак бўлади. Шунингдек, давлат раҳбари ҳар йили юзлаб янги боғчалар, мактаб ва шифохоналар қуриш лозимлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасига 1 августга қадар давлат ўзига олган ҳар бир янги мажбурият бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиб, парламентга киритишини топширди.
Ўзбекистонда кунлар ҳафта давомида исиб боради, қуруқ об-ҳаво бўлади. Ҳарорат кечалари +13…+18, кундузи жануб ва чўл ҳудудларда +36…+38 даражагача етади. Чанг-тўзонлар кузатилиши эҳтимоли бор.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг